Жаҳон | 09:30 / 29.03.2025
3483
3 дақиқада ўқилади

Вэнс Дания ҳукуматини Гренландияни Россиядан «етарли ҳимоя қилмаётгани» учун танқид қилди

28 март куни Гренландияга қилган ташрифи чоғида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Дания ҳукуматини танқид қилиб, уни ярим автоном ҳудуд ва унинг аҳолисини Россия ва Хитой томонидан эҳтимолий ҳужумлардан ҳимоя қилишда етарлича саъй-ҳаракат қилмаётганликда айблади.

Жей Ди Вэнс. Фото: newsweek.com

Шу билан бирга Вэнс АҚШ Гренландия суверенитетини ҳурмат қилишини таъкидлади ҳамда Вашингтон ва мазкур орол ўртасидаги шерикликни ривожлантириш умидини билдирди. Вэнснинг сўзларига кўра, ҳозирча Оқ уй минтақада ўзининг ҳарбий иштироки миқёсини дарҳол кенгайтиришни режалаштирмаяпти, бироқ мудофаа инфратузилмасига инвестицияларни кўпайтириш ниятида.

«Дания мазкур база (АҚШнинг Питуффик ҳарбий базаси) фаолиятини таъминлаш, ҳарбийларимизни қўллаб-қувватлаш ва Гренландия аҳолисини Россия, Хитой ва бошқа давлатлар томонидан бўлиши мумкин бўлган тажовузкор ҳаракатлардан ҳимоя қилиш учун зарур ресурсларни ажратмаяпти», — дея Вэнснинг сўзларини келтирмоқда Reuters.

Бироқ, Вэнс тилга олинган таҳдидларни тасдиқловчи аниқ фактларни келтирмаган. АҚШ вице-президентининг таъкидлашича, Москва ва Пекин Арктикадаги йўналишлар, ҳарбий-денгиз йўллари ва табиий ресурсларга нисбатан қизиқишини кучайтирмоқда. Шу муносабат билан Вашингтон ҳарбий кемалар ва музёрар кемаларга кўпроқ сармоя киритиш орқали минтақада хавфсизлик чораларини кучайтириш ниятида.

Вэнс шунингдек, Гренландия халқи ўз тақдири устидан мустақил равишда қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлиши кераклигини билдирди ва АҚШ уларнинг танловини ҳурмат қилишини таъкидлади.

«Умид қиламизки, гренландияликлар АҚШ билан ҳамкорликни танлайди. Чунки биз — уларнинг суверенитети ва хавфсизлигини ҳурмат қиладиган ягона мамлакатмиз. Ахир, уларнинг хавфсизлиги кўп жиҳатдан бизнинг хавфсизлигимиз ҳамдир», — деди у.

Вэнс Гренландияда бўлиб турган пайтда АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда сўзлаган чиқишида мазкур ҳудуднинг «халқаро хавфсизлик» учун стратегик аҳамиятини таъкидлади. «Бизга Гренландия керак. <…> Биз усиз иложсизмиз», — деди Трамп. Шунингдек, у минтақада Хитой ва Россия кемаларининг мавжудлигидан хавотир билдириб, бу масалада АҚШ Дания ёки бошқа мамлакатларга суянмоқчи эмаслигини алоҳида қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Доналд Трамп ҳали биринчи президентлик муддати даврида, яъни 2019 йилдаёқ Гренландияни сотиб олишга қизиқиш билдирган эди. 2024 йилги сайловларда ғалаба қозонганидан сўнг бу масала яна АҚШ маъмурияти кун тартибига қайтди.

Мавзуга оид