Жаҳон | 23:40 / 31.03.2025
6242
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг яшил шаҳарлардан бири экологик мақсадларига эриша олмагани учун жаримага тортилди

Швециянинг Гётеборг шаҳри қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш бўйича ўз олдига қўйган мақсадларини бажармагани учун қарийб 15 минг доллар миқдорида жаримага тортилди.

Фото: BBC

BBC’нинг ёзишича, Гётеборг Глобал барқарорлик индексида 2-ўринни эгаллаган, 2023 ва 2016 йилларда шаҳар ушбу рейтингга етакчилик қилган. Мазкур индекс шаҳардаги экология даражаси, ижтимоий вазият ва туристлар учун хизматлардан фойдаланиш имкониятини баҳолайди.

2022 йилда Гётеборг барқарор ривожланиш учун кредит олган, унинг ёрдамида ҳукумат иссиқлик ишлаб чиқаришда шаҳарнинг қайта тикланадиган энергияга ўтишини, шаҳар автомобилларини электр транспорт воситаларига алмаштиришни, шаҳар биноларида энергия сарфини камайтиришни ва энг қашшоқ ҳудудларни ривожлантиришни молиялаштиради.

Ҳар йили Гётеборг банкка барқарорлик мақсадларига эришгани ҳақида ҳисобот беради ва кредит бўйича чегирма ёки жарима олади. Дастурнинг дастлабки икки йилида шаҳар жарималардан қутулиб қолган, аммо бу сафар кредиторларнинг ҳисоблашича, шаҳар қайта тикланадиган энергия мақсадига эриша олмаган.

Шу билан бирга, шаҳар кредиторлардан ижтимоий вазиятни ва энергия иқтисодини яхшилаш мақсадларига эришгани учун чегирма олган — бу жариманинг бир қисмини қоплайди.

Гётеборг маъмурияти вакили Фредерик Блокнинг тушунтиришича, ҳукумат барқарор ривожланиш бўйича ўз олдига атайдан катта мақсадларни қўйган — бу 2023 йилга бориб кам углеродли иқтисодиётга яқинлашишга ёрдам беради.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид