Жамият | 21:16 / 10.04.2025
2636
1 дақиқада ўқилади

Паркентдаги тоғда адашиб қолган икки киши қутқарилди

Тошкент вилоятидаги Оқсоқ ота тоғ тепалигида адашиб қолган икки киши 11 соатлик қидирувдан сўнг топилди.

Фото: ФВВ

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан Паркент туманидаги тоғда адашиб қолган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилди, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, беш нафар фуқаро дам олиш мақсадида Паркент тумани Олтинбел ҳудудида жойлашган Оқсоқ ота тоғ тепалигига борган. Ортга қайтишда фуқароларнинг икки нафари йўлдан адашиб йўқолиб қолган ва уларни топишда амалий ёрдам кераклиги бўйича 112 тизими орқали ФВБга хабар келиб тушган.

Хабарга асосан, зудлик билан Паркент тумани ФВБ ходимлари қидирув-қутқарув ишларига жалб қилинган. Қутқарувчилар томонидан 11 соат мобайнида қидирув-қутқарув ишлари олиб борилиб, йўлдан адашган икки нафар фуқаро топилган ва хавфсиз ҳудудга олиб тушилган.

Аввалроқ Тошкент вилояти ФВБ қутқарувчилари Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги Катта Чимён тоғига сайр қилиш мақсадида бориб, йўлдан адашиб қолган уч кишига ёрдам кўрсатгани тўғрисида хабар берилганди.

 

Мавзуга оид