Жаҳон | 09:47 / 01.07.2025
3217
2 дақиқада ўқилади

Германияда ҳаддан ташқари жазирама ҳарорат кутилмоқда

Ҳарорат 2 июлда энг юқори чўққисига чиқади, шу куни Германия жанубида, прогнозларга кўра, тахминан 40°C, мамлакатнинг қолган қисмида — 35°C ва ундан юқори бўлиши кутилмоқда.

Фото: AP

Франция, Испания ва Буюк Британияни қамраб олган ҳаддан ташқари иссиқлик Германияга 1 июл, сешанба кунидан бошлаб келади. Ҳарорат 2 июлда энг юқори чўққисига чиқади, шу куни Германия жанубида, прогнозларга кўра, тахминан 40°C, мамлакатнинг қолган қисмида 35°C ва ундан юқори ҳарорат кутилмоқда.

Испаниянинг Португалия билан чегарадош Эл-Гранадо шаҳрида 30 июн куни термометр кўрсаткичи +46°C га кўтарилди. Бу бутун кузатувлар тарихида Испаниядаги биринчи ёз ойидаги рекорд ҳароратдир. Мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида қизил огоҳлантириш даражаси эълон қилинган ва одамлардан тушдан кейин очиқ ҳавода бўлмаслик сўралмоқда.

Рекорд ҳарорат шароитида Испаниянинг Севиля шаҳрида БМТнинг тараққиётни молиялаштириш бўйича конференцияси бўлиб ўтди ва унда ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш иштирок этди. «Ҳаддан ташқари иссиқлик энди камдан-кам учрайдиган ҳодиса эмас — бу янги одатий ҳолга айланди. Сайёра тобора исиб бормоқда — ҳеч бир давлат бундан ҳимояланмаган», — дея Гутерриш иқлим ўзгаришига қарши курашда янада улуғвор ҳаракатларга чақирди.

Франциянинг Ўрта Ер денгизи соҳили жануби-ғарбидаги Окситания ҳудудида юқори ҳарорат туфайли юзага келган катта ўрмон ёнғини 400 гектар ўрмонни йўқ қилди. 1 июл, сешанба куни Париж ва бошқа 15 департаментда кучли жазирама туфайли қизил сигнал эълон қилинади.

Франция энергетика вазири Анес Пане-Рюнаше мамлакатдаги ғайритабиий об-ҳавони «мисли кўрилмаган» деб атади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид