Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда ҳам жазирама сабаб оғир юк автомобиллари ҳаракати вақтинча чекланади
Аномал иссиқ сабаб Қашқадарё вилоятида ҳам оғир юк машиналари ҳаракати вақтинча чекланадиган бўлди. Вилоят ҳокимлиги хабарига кўра, Қарши шаҳри, туман марказлари ҳамда уларни боғловчи умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида оғир юк машиналарининг ҳаракати ҳар куни соат 09:00 дан 19:00 гача вақтинча чекланади.
Қашқадарё вилоятида кузатилаётган аномал иссиқ туфайли оғир юк автомобиллари ҳаракатига вақтинчалик чеклов жорий этилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, вилоятда кундузи ҳаво ҳарорати +42...+44 даражагача, айрим ҳудудларда эса ундан ҳам юқори даражага кўтарилмоқда.
Бундай шароитда асфалт-бетон қопламаси ҳарорати +70...+75 даражагача етиб, йўлларнинг юк кўтариш қобилияти пасаяди. Натижада оғир юк автомобиллари ҳаракати таъсирида йўл қопламасида ғилдирак излари, деформациялар ва бошқа техник нуқсонлар юзага келиши мумкин.
Шу муносабат билан давлат бюджети ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан қурилган ҳамда таъмирланган автомобил йўлларини сақлаш мақсадида Қарши шаҳри, туман марказлари ва уларни боғловчи умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида оғир юк автомобилларининг ҳаракати ҳар куни соат 09:00 дан 19:00 гача вақтинча чекланади.
Масъуллар ҳайдовчилар ҳамда юк ташувчи корхона ва ташкилотлардан мазкур чекловларга қатъий риоя қилиш, юк ташиш вақтларини белгиланган тартиб асосида режалаштиришни сўради.
Вилоят ҳокимлигига кўра, ушбу чоралар йўл инфратузилмасини асраш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва автомобил йўлларининг хизмат муддатини узайтиришга қаратилган.
Бундан аввал Сурхондарё вилоятида кучли иссиқ туфайли оғир юк автомобиллари ҳаракати вақтинча чекланганди.