Ўзбекистон | 21:14 / 12.07.2025
3809
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада Қирғизистондан келтирилган 14700 дона кучли таъсир қилувчи дори мусодара қилинди

Бир неча ҳолатда кучли таъсир қилувчи дориларнинг ноқонуний савдосининг олди олинди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан божхона идоралари билан ҳамкорликда Фарғона вилоятида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, Қўқон шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган 2 фуқаро ўзаро тил бириктириб, ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг Қувасой шаҳри ҳудудидан ўтувчи қисмида Қирғизистон фуқаросидан 8000 дона «Зардекс» кучли таъсир қилувчи дорини олган. Сўнгра, келгусида сотиш мақсадида Қўқон шаҳрида ижарага олинган хонадонга борганида ушланган.

Яна бир ҳолатда, Қўқон шаҳрида муқаддам судланган шахслар - адвокат ҳамда 2 фуқаро ўзаро тил бириктириб, витамин кўринишида қадоқланган жами 4400 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дорини 180 млн сўмга сотган вақтида ушланган.

Бошқа ҳолатда Фарғона-Қўқон йўналишида ҳаракатланаётган, муқаддам судланган шахс бошқарувидаги автомашина Учкўприк туманида тўхтатилган.

Унинг машинасида 100 дона «Тропикамид» ва 559 дона «Регапен» номли жами 110 млн сўмлик кучли таъсир қилувчи дори борлиги аниқланган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахсга дориларни сотган, Фарғона туманида яшовчи фуқаро Қўштепа туманида бошқа харидорга 1400 дона «Регапен» кучли таъсир таъсир қилувчи дорини 2800 АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинган.

Худди шу йўналишда ҳаракатланаётган яна бир автомашина ҳам Учкўприк туманида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, салонида 75 млн сўмлик 250 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Ҳозир ушбу шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид