Жаҳон | 18:02 / 14.07.2025
1611
2 дақиқада ўқилади

SpaceX Маскнинг сунъий интеллект компаниясига 2 млрд доллар инвестиция киритади

Америкалик миллиардер Илон Маск ўз компанияларини OpenAI’га рақобатчи бўладиган сунъий интеллект стартапларини қўллаб-қувватлашга ундамоқда.

Фото: AP

Илон Маскнинг SpaceX аэрокосмик компанияси миллиардерга қарашли бошқа бир компания — xAI’га 2 миллиард доллар инвестиция киритади.

The Wall Street Journalʼнинг ёзишича, SpaceX инвестицияси xAI томонидан ўтган ой эълон қилинган жами 5 миллиард долларлик инвестраунднинг бир қисмидир.

Маск ўз компанияларини OpenAI’га рақобатчи бўладиган сунъий интеллект стартапларини қўллаб-қувватлашга ундамоқда. Жорий йилнинг март ойида у битим доирасида 33 миллиард долларга баҳоланган xAI’ни Х ижтимоий тармоғи билан бирлаштирган ва сунъий интеллект компаниясига Grok чатботи фойдаланувчилари кўламини сезиларли даражада кенгайтириш имконини берган эди. Компанияларнинг бирлашуви 113 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Ўтган якшанба Маск Tesla Inc. акциядорларига компания xAI’га инвестиция кирита олиш ёки олмаслиги масаласи бўйича овоз бериш таклифини ўтказишини маълум қилганди. Олдинроқ у Tesla буни амалга оширса, «ажойиб иш бўлиши» ҳақида гапирган эди.

Шунингдек, у Tesla’нинг xAI билан бирлашувини қўллаб-қувватламаслигини таъкидлаган. Tesla акциялари душанба кунги дастлабки савдоларда 1,2 фоизга қимматлашди. Жорий йил бошидан бери эса унинг қиймати 22,4 фоизга тушиб кетган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид