Технология | 23:45 / 24.07.2025
4725
3 дақиқада ўқилади

Сунъий интеллект олимларга Қадимги Рим тарихидаги бўшлиқларни тўлдиришга ёрдам беради

«Эней» дастури ёзувлар ёки ёзув парчаларини қадимги Рим ёзувлари ва тасвирларидан иборат улкан маълумотлар базаси билан таққослайди, ўхшашларини топади, йўқолган сўзлар ва жумла қисмларининг вариантларини таклиф қилади, саналарни кўрсатади ва буларнинг барчасини бир зумда амалга оширади.

Фото: The Metropolitan Museum of Art

Британиялик олимлар ва Google DeepMind лабораторияси мутахассислари «Эней» дастурини ишлаб чиқди, у сунъий интеллект технологияси ёрдамида тарихчиларга ёдгорликлар, деворлар ва маиший буюмлардаги ёзувларни таҳлил қилиш, таққослаш ва тиклашга ёрдам беради ва шу билан Қадимги Рим тарихи ҳақидаги билимлар бўшлиқларини тўлдиради.

«Эней» таклиф қилинган ёзувларни ёки ёзув парчаларини қадимги Рим ёзувлари ва тасвирларидан иборат улкан маълумотлар базаси билан таққослайди, ўхшашларини топади, йўқолган сўзлар ва жумла қисмларининг вариантларини таклиф қилади, саналарни кўрсатади ва буларнинг барчасини бир зумда амалга оширади.

«Тарихчилар бир неча сония ичида ўн минглаб ёзувларда бу ўхшашликларнинг барчасини топа олмайди ва айнан шу масалада сунъий интеллект уларга ёрдамчи бўлиши мумкин», деб тушунтиради дастур яратувчиси, Google DeepMind лабораториясининг сунъий интеллект бўйича мутахассиси доктор Яннис Ассаэл.

Ишлаб чиқувчилар жамоаси 23 нафар тарихчига дастурни синовдан ўтказишга рухсат берди ва дастур анча аниқ натижалар беришини билиб олди.

«Эней» қадимги Рим ҳақидаги билимлар бўшлиқларини тўлдиришда сунъий интеллектни қўллаш билан боғлиқ биринчи уриниш эмас.

Шу йил бошида олимлар жамоаси эрамизнинг 79 йилида Везувий вулқони отилиши оқибатида Помпей билан бирга вайрон бўлган Геркуланум шаҳридаги ўрамни виртуал равишда «ёйиб» ўқишга киришди.

Оксфорддаги Бодлиан кутубхонасида сақланаётган папирус ўрами бутунлай кўмирга айланган, деярли икки минг йил давомида кул ва тупроқ қатлами остида ётган ва уни қўлда очиб бўлмас эди. Аммо олимлар рентген ва сунъий интеллект ёрдамида ўрамнинг «текис» рақамли тасвирини олишга муваффақ бўлди.

Ундаги қандайдир ҳарфлар ва сўзлар аниқланди ва олимлар бу фалсафий матн бўлган деб тахмин қилмоқда. Лекин уни барибир ўқиб бўлмади ва бу ёзувларни тиклаш ва тушунишда «Эней» ёки шунга ўхшаш бошқа дастур ёрдам бериши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид