Объектив ахборотсиз тўғри қарорлар қабул қилиб бўлмайди. Ахборот асри эса маълумотлар билан ишлашни каррасига осонлаштирди. Kun.uz Президент администрацияси ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Delivery Unit офисида бўлиб, жамоа амалга оширган ишлар билан танишди. Савол уйғотган жиҳат – катта ҳажмда маълумот базаси тўпланиб, уни визуаллаштириш бўйича ишлар қилинганига қарамасдан, давлат идоралари хорижий сервисларнинг пулли хизматидан фойдаланяпти.

Тасаввур қилинг, барча маълумот шундоқ кафтингиз устида: қаерда қанча мактаб ва боғча бор, ҳожатхонаси қанақа, қаерда йўллар яхши, қаерда ёмон, қайси қишлоққа сув борган, қайсига бормаган, мансабдорлар қаерда қанча давлат пулини ўмаряпти... Охиргисини ошириб юбордим – бунақа имконият ҳали йўқ.

Аммо анчагина маълумотларни бир жойга йиғиб, шундоқ картага қараб кўриб туриш мумкин. Бу қаерда шароитни яхшилаш кераклигини билиб туриш имкониятини беради. Маҳаллангизда қайсидир шароит ёмон бўлса, шундоқ кўриниб туради. Агар маҳаллангиз “яхши” қилиб кўрсатилган бўлса, сиз бу ресурсга кириб “йўқ, бу ерда ёлғон ёзилган” деб ёзишингиз мумкин. Қарор қабул қилувчиларга тўғри қарорлар қабул қилиш имкониятини беради бу. 

Президент аппарати қошидаги Delivery Unit айнан шу иш билан – Ўзбекистон бўйлаб нима, қаерда, қачон – кўплаб маълумотларни бир жойга йиғиб, шундоқ картага қараб билиб туриш имкониятини яратиш бўйича иш олиб бормоқда. Жамоа меҳмони бўлдим ва саволлар бердим.

Фарҳод Омонов, маълумотлар таҳлилчиси: Геопорталнинг асосий мақсади — бюджетдан ажратилаётган маблағларни ижтимоий объектларга тўғри йўналтириш ва уни баҳолаш. Қанчалик маблағлар тўғри ажратилди, объектлар ҳолати қандай – шулар тўғрисидаги умумий маълумотларни шакллантириш учун маълумотларни йиғдик. Нафақат мактаб, боғча, соғлиқни сақлаш ва спорт объектлари тўғрисидаги маълумотларни. Биринчи марта географик ахборот тизими билан боғланган платформа шаклланди.

10164 та мактаб ва филиаллар географик жойлашуви бўйича кадастр маълумотлари билан бирлаштирилди. Мактабларга доир вилоятлар кесимида сўровнома ишлаб чиқдик, мактаб директорлари учун алоҳида платформа қилдик. Директорлар логин-парол билан киради ва ўзининг мактаби тўғрисидаги инфратузилмага оид маълумотларни киритади.