Ўзбекистон | 00:53 / 19.08.2025
9027
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” боғига ёндош қурилган меҳмонхоналар билан танишди

8 гектардан зиёд майдонда 12 та меҳмонхона, 375 ўринли “Янги Тошкент” конференция зали, 310 ўринли ресторан, соғломлаштириш маркази ҳамда очиқ спорт майдони барпо этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев жойлардаги бунёдкорлик билан танишуви чоғида Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғига ёндош қурилган меҳмонхоналар мажмуасини ҳам кўздан кечирди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

“Бир пайтлар қаровсиз ётган манзиллар бугун обод масканга айланган. 8 гектардан зиёд майдонда 12 та меҳмонхона, 375 ўринли “Янги Тошкент” конференция зали, 310 ўринли ресторан, соғломлаштириш маркази ҳамда очиқ спорт майдони барпо этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Меҳмонхоналарга Қорақалпоғистон ва вилоятлар номи берилган. Улар 3 юлдузли бўлиб, 5 қаватдан иборат, 62 та хона ва 124 ўринга эга. Мажмуа ягона концепция асосида фаолият юритади ва унинг бошқаруви халқаро тажрибага эга “Leo Hospitality Solutions”, “Radisson Individuals”, “Trademark Collection by Wyndham” каби нуфузли компанияларга топширилади”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, хусусий банклар шу каби мажмуалар бошқарувига шерик бўлиб кириш таклифини билдирди. Давлат раҳбари хизмат соҳалари кенгайиши, жойларда замонавий масканлар кўпайиши аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшишини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Меҳмонхоналар ресторан, анжуманлар зали ва дам олиш масканлари билан уйғун қурилгани хизмат қамровини оширади. Бу ерда юқори даражадаги тадбирлар ҳамда йирик халқаро анжуманлар ўтказилиши ҳам мумкин.

Мажмуада 540 та янги иш ўрни яратилиб, йилига ўртача 55 минг туристга хизмат кўрсатилиши кўзда тутилган. Бу ер маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун яна бир локация, Тошкент воҳасида туризм ривожи учун қўшимча стимул бўлади. Мажмуа қурилиши ортидан ён-атрофдаги маҳаллаларнинг инфратузилмаси ҳам яхшиланиб, аҳоли фаровонлиги таъминланди.

Шавкат Мирзиёев мажмуада хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини ошириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этиш масалаларига эътибор қаратди. Бундай кўп тармоқли хизматларни бошқа ҳудудларда ҳам кенг йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Мавзуга оид