Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сувчилар мактаби — Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг амалий намунаси
Давлат раҳбарининг 2023 йил 18 апрел куни Сув соҳасини ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берган топшириғига мувофиқ, 2023 йил 29 май куни “Агробанк” АТБ томонидан “Сувчилар мактаби” ташкил этилди.
Фото: Сувчилар мактаби
Дастурнинг асосий мақсади — фермер ва соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш, сувни тежайдиган замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва “Сув — текин” деган эски қарашдан бутунлай воз кечишдир.
Шу мақсадда Агробанк томонидан молиялаштирилган “Сувчилар мактаби”нинг биринчи босқичи доирасида 155 туманда қисқа муддатли курслар ташкил этилди. Уларда 61 мингдан ортиқ фермер ва соҳа мутахассислари замонавий билим ҳамда кўникмаларга эга бўлди. Бу жараёнда Туркия, Хитой ва Испаниянинг илғор тажрибалари ўрганилди, хорижий ва маҳаллий мутахассислар иштирокида ўқув дастурлари ишлаб чиқилди.

“Бугунги кунда, технологиялар ёрдамида биз фермерларга расмий равишда 1 гектар майдонда пахта ёки буғдой етиштириш учун қанча сув кераклигини кўрсатиб бера оламиз, чунки ишлаётган технология ва қурилмаларимиз 1 кунлик сув эҳтиёжини ҳам ҳисоблаб бера олади”, дейди туркиялик эксперт Мехмет Aкиф Кескинкилич.
Иккинчи босқич 2024 йил 3 февралида старт олди. Республика бўйича 13 ҳудудда замонавий ўқув хоналари ва 250 гектарлик тажриба майдонлари ташкил этилди. Томчилатиб, ёмғирлатиб ва дискрет суғориш тизимлари, автомат бошқарув ҳамда агрометеостанциялар ўрнатилди. Жами 234 нафар ўқитувчи, жумладан, 35 нафар хорижлик олим ва мутахассис иштирок этди. Натижада 13 мингга яқин фермер таълим олди ва 4 мингта хўжалик ўз майдонларига сувни тежайдиган технологияларни жорий этди.

Хорижий эксперт Шенгтиан Чен фикрича, Хитойда бундай тизимли ва профессионал ўқув муассасалари мавжуд эмас. Таъкидланишича, Хитой тажрибаси ва илғор ускуналарини Ўзбекистонда кенг жорий этиш режалаштирилмоқда. Фермерлар учун ўқув дарслари ташкил этилиб, бу орқали уларнинг экин ҳосилдорлигини ошириш кўзда тутилган. Сувни тежайдиган технологиялар қўлланиши натижасида ҳосилдорликни 30 фоизга ошириш мумкинлиги қайд этилмоқда.

2025 йил “Сув хўжалигида насослар самарадорлигини ошириш йили” деб эълон қилинди. Давлатимиз раҳбари топшириқларига мувофиқ, “Бир канал — бир тизим” тамойили асосида 13 канал тўлиқ замонавий сувни тежайдиган технологияларга ўтказилади, насосларда қуёш фотоэлектрик станциялари қўлланади. Шу билан биргаликда, жорий йилда Aгробанкнинг “Agrobooks” лойиҳаси доирасида сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланиш бўйича 30 та методик қўлланмадан иборат “Сув китоб тўплам” ишлаб чиқилди ва чоп этилди. Жорий йилда 10 мингдан ортиқ фермер ўқитилиши ва тажриба майдонларининг кенгайтирилиши режалаштирилган.

Шунингдек, республиканинг 13 та ҳудудида “Сувчилар мактаби”да 15-20 гектарлик илғор сув тежовчи технологиялар жорий қилинган тажриба майдонлари барпо этилди.
Сувчилар мактаби бу — нафақат таълим майдони, балки мамлакатимиз сув хўжалигидаги янги стратегик босқичнинг амалий ифодаси, фермерларнинг ишончли таянчи ва қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига хизмат қиладиган муҳим лойиҳадир.