Жаҳон | 12:12 / 29.08.2025
1589
2 дақиқада ўқилади

Словакия Россия фуқароларидан турвизалар учун аризалар қабул қилишни тиклади

Словакия виза марказлари яна Москва ва Санкт-Петербургда туристик визалар учун ҳужжатларни қабул қилмоқда.

Фото: Alexander Shcherbak/ITAR-TASS/imago images

Словакия 2022 йилда тўхтатилган Россия фуқароларидан туристик визалар учун ҳужжатларни қабул қилишни қайта бошлади, деб хабар берилди BLS International виза маркази сайтида. 28 август, пайшанба куни Россия оммавий ахборот воситалари бунга эътибор қаратди.

«Россияда Словакия ҳозирда туризм мақсадида виза олиш учун аризаларни қабул қилмоқда», дейилади ташкилот сайтида. Словакия виза марказлари Россиянинг икки шаҳри – Москва ва Санкт-Петербургда туристик визалар учун ҳужжатларни қабул қилмоқда.

BLS веб-сайтида, шунингдек, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ЛХР» ва «ДХР» республикалари резидентларига берилган Россия паспортлари, агар уларнинг эгалари 2019 йил 24 апрелгача Россия фуқароси бўлмаган бўлса, тан олинмаслиги таъкидланди. Ўшанда Россия президенти Владимир Путин Украинанинг Луханск ва Донецк вилояти аҳолисига Россия фуқаролигини соддалаштирилган тарзда бериш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Словакияга ташриф буюриш учун россияликларга қисқа муддатли саёҳатлар учун Шенген визаси ёки узоқ вақт қолиш учун миллий виза керак. Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кейин ўнга яқин Шенген давлатлари, жумладан Латвия, Литва, Эстония, Полша, Чехия ва Словакия россияликларга туристик виза беришни тўхтатди. Қолган Шенген давлатлари зарур ҳужжатларга талабларни кучайтирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид