Жаҳон | 07:15 / 03.09.2025
4245
2 дақиқада ўқилади

Бундесвер бош инспектори: Путиннинг режалари фақат Украинадан иборат эмас

Quadriga 2025 машғулотлари доирасида Германия яна бир бор НАТО бўйича ҳамкорлар билан биргаликда шарқий қанот ҳимоясини машқ қилмоқда. Манёврлар тўхтатувчи омилга айланиши керак, деди Карстен Бройер.

Карстен Бройер Фото: L. Balandžio / BNS

Quadriga 2025 йирик манёврлари доирасида Германия Қуролли кучлари (Бундесвер) 13 та ҳамкор давлат билан биргаликда инқироз ва уруш даврида Болтиқ денгизи минтақасини мудофаа қилишни машқ қилмоқда. Машғулотлардан кўзланган мақсад тўхтатувчи омилни кучайтириш ва жанговар тайёргарликни оширишдан иборат, деди Бундесвер бош инспектори (бу лавозим ГФР барча қуролли кучлари қўмондони лавозимига тенг) Карстен Бройер Берлинда манёврларнинг бошланиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида.

Генерал Бройер Болтиқ денгизи минтақасига таҳдид солаётган «Россиянинг тажовузкор хатти-ҳаракатига» ишора қилди. Россия президенти Владимир Путин «бизга қарамоқда, унинг режалари Украинадан ташқарида», дея огоҳлантирди у. Бундесверда Россия ҳужумга тайёргарлик кўраётгани ҳақида ҳеч қандай маълумот бўлмаса-да, ҳарбийлар ҳозирлик ҳолатида. «Бундесвер машғулот ўтказиши, машқ қилиши ва яна машқ қилиши керак», деди Карстен Бройер.

Бош инспекторнинг таъкидлашича, ушбу ҳарбий машғулотлар 12-16 сентябр кунлари Беларусда ўтказиладиган Россия-Беларус «Запад-2025» манёврлари билан ўз вақтида қисман мос келади. «Биз эскалацияни қўзғатмасликни, тийиб туришни истаймиз», деди у ва одамларни бу борада Россия дезинформациясининг «ҳийлаларига берилмасликка» чақирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид