Молия | 21:41 / 03.09.2025
7102
2 дақиқада ўқилади

Трамп ФЗТга таъсир ўтказолса, бу жуда жиддий хавф туғдиради — Кристин Лагард

АҚШ президенти Федерал захира тизимининг фоиз ставкаларни белгилаш сиёсатига таъсир ўтказа олса, бу АҚШ ва жаҳон иқтисодиёти учун жуда жиддий хавфга айланади, деди Европа Марказий банки раҳбари Кристин Лагард. Бундай эҳтимолнинг мавжудлиги фонида олтин нархи янги рекордни урди.

Фото: Reuters / Heiko Becker / File Photo

Олтин нархи глобал иқтисодий ноаниқлик фонида, талаб юқори бўлиб қолаётгани сабабли рекорд даражага етди. Айни материал эълон қилинаётган соатларда 1 унция олтин 3567 доллардан сотилмоқда.

Бу қимматбаҳо металл нархи йил бошида АҚШ президенти Доналд Трамп кенг кўламли божларни жорий қилганидан кейин ошиб кетди. Чунки тарифлар уруши жаҳон савдосини издан чиқарди.

Таҳлилчиларга кўра, олтин нархининг кўтарилишига АҚШ Федерал захира тизими асосий фоиз ставкасини пасайтириши ҳақидаги кутилмалар ҳам сабаб бўлмоқда. Экспертлар ФЗТнинг мустақиллиги борасидаги хавотирларни ҳам олтин нархига таъсир қилувчи яна бир омил сифатида кўрсатмоқда.

Европа Марказий банки раҳбари Кристин Лагард сўнгги интервюсида агар Трамп ФЗТ мустақиллигини заифлаштирса, бу жаҳон иқтисодиёти учун “жуда жиддий хавф” бўлишини айтди.

Унинг сўзларига кўра, агар Трамп ФЗТнинг фоиз ставкалари сиёсатини ўз назоратига ололса, бунинг АҚШ иқтисодий барқарорлигига ва шу орқали бутун дунёга таъсири “ниҳоятда ташвишли” бўлади.

Одатда олтин нархи инвесторлардаги кучли қизиқиш туфайли кескин кўтарилганда, бу жараён Хитой ва Ҳиндистондаги харидларнинг пасайиши билан секинлашади. Лекин бу сафар олтин Хитой ва Ҳиндистонда ҳамон талабгир бўлиб қолмоқда. Нафақат инвесторлар, балки давлатлар ҳам иқтисодий беқарорлик, геосиёсий кескинлик ва долларга ишончнинг камайиши фонида олтин жамғаришни кучайтирмоқда. Бу жараён глобал молиявий хавфсизлик ва диверсификация сиёсатининг бир қисми сифатида кўриляпти.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид