Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Қатар совға қилган 400 млн долларлик янги самолётни намойиш қилди
Совға қилинган самолёт 30 йилдан ортиқ вақт давомида президентларга хизмат қилган Boeing 747-2 ўрнини эгаллайди.
АҚШ президенти Доналд Трамп Қатар ҳукумати томонидан совға қилинган ва янги Air Force One сифатида хизмат қиладиган 400 млн долларлик ҳашаматли Boeing 747-8 самолётини намойиш қилди.
Тақдимот Вашингтон яқинидаги Эндрюс ҳарбий базасида бўлиб ўтди.
«Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган. Бу жуда ноёб. У дунёдаги энг ҳашаматли самолёт ҳисобланади», деди АҚШ президенти.
Трампнинг билдиришича, янги самолёт 4 июл куни — мамлакат ташкил топганининг 250 йиллиги муносабати билан Вашингтон осмонида ўтказиладиган ҳаво парадига бошчилик қилади.
Ҳаво кучлари тарқатган баёнотга кўра, самолёт яқин кунларда «синов парвозлари»ни бошлайди.
Баёнотда таъкидланишича, самолёт «ҳимояланган ва президентлик миссияси талабларини бажариш учун зарур бўлган энг илғор технологиялар билан жиҳозланган».
Маълум қилинишича, учувчилар ва техник хизмат кўрсатувчи ходимлар янги моделда тайёргарлик кўриши учун аввал Lufthansa авиакомпанияси фойдаланган Boeing 747-8 самолёти сотиб олинган.
Совға қилинган самолёт 30 йилдан ортиқ вақт давомида президентларга хизмат қилган Boeing 747-2 ўрнини эгаллайди. Трамп пайшанба куни Европадан айнан эски самолётда қайтиб келди ва Оқ уй ходимлари ижтимоий тармоқларда “ёши ўтиб қолган” самолёт билан хайрлашув хабарларини жойлаштиришди.
Трамп хорижий ҳукуматдан совғага самолёт қабул қилиш манфаатлар тўқнашуви ёки хавфсизликка таҳдид туғдириши ҳақидаги танқидларни рад этган, «Нега бизнинг ҳарбийларимиз ва шунингдек солиқ тўловчиларимиз юзлаб миллион доллар тўлаши керак, агар буни яхши бажарилган иш учун бизни тақдирлашни истаган мамлакатдан бепул олиш мумкин бўлса? Мамлакатимиз номидан бу совғани қабул қилмайдиган одам фақат аҳмоқ бўлиши мумкин» деб ёзганди у ўтган йили Truth Social тармоғида.
Трампнинг билдиришича, Қатар самолёти 2028 йилда Boeing компаниясининг янги самолётлари Ҳаво кучларига етказиб берилгунига қадар ишлатилади.
Янги Boeing 747-8 самолётининг қиймати 400 млн доллар деб баҳоланган. Самолётни президент флоти учун қайта жиҳозлаш ҳам юзлаб миллион долларга тушиши тахмин қилинган.
Мавзуга оид
20:51 / 19.06.2026
«Италия ва мен ҳеч қачон ёлвормаймиз» - Мелони Трампга кескин эътироз билдирди
20:26 / 19.06.2026
Эрон яна Ҳўрмуз бўғози ёпилганини эълон қилди
13:35 / 18.06.2026
АҚШ-Эрон президентлари ўзаро англашув меморандумини имзолади
10:00 / 18.06.2026