Жаҳон | 23:03 / 04.09.2025
20557
3 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин қўриқчилари унинг Путин билан учрашувдан кейинги барча изларини йўқ қилди

Таҳлилчиларга кўра, бундай ҳаракатлар хорижий жосусларга қарши туриш ва Кимнинг соғлиғи ҳақидаги ҳар қандай маълумотни яширишга қаратилган хавфсизлик чоралари мажмуасининг бир қисмидир.

Фото: KCNA/Reuters

КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг хавфсизлик хизмати ходимлари Пекиндаги музокаралар залида Путин билан икки соатлик учрашув чоғида у қўл теккизган барча буюмларни артиб чиқди, деб хабар берди Reuters.

Таҳлилчиларга кўра, бундай ҳаракатлар хорижий жосусларга қарши туриш ва Кимнинг соғлиғи ҳақидаги ҳар қандай маълумотни яширишга қаратилган хавфсизлик чоралари мажмуасининг бир қисмидир. Шунга ўхшаш тартиб унинг отаси, Шимолий Кореянинг олдинги раҳбари Ким Чен Ир давридан бери амал қилиб келади.

Россиялик журналист Александр Юнашев музокаралардан сўнг кореяликлар хонани яхшилаб тозалаётгани акс этган видео билан бўлишди.

«У ичган стаканни олиб қўйишди, ўриндиқ қопламасини ва Корея етакчиси тегинган мебел қисмларини артишди», деб ёзди Юнашев.

Видеода ходимлардан бири кресло ва унинг ёнидаги столни артаётгани, иккинчиси эса Кимнинг стаканини олиб кетаётганини кўриш мумкин.

Аввалги хорижий сафарлар чоғида бўлгани каби, Ким ҳозир ҳам ўзининг зирҳли яшил поездида шахсий кўчма ҳожатхонани олиб юради, чунки ахлат унинг соғлиғи ҳақида кўп маълумот бериши мумкин. Бундай чоралар Ким Чен Ир давридан бери стандарт тартиб ҳисобланади, деди Reuters нашрига Американинг Стимсон марказидан КХДР раҳбарлари бўйича эксперт Майкл Мэдден.

«Хорижий разведка, ҳатто дўстона давлатники бўлса ҳам, намуна олмаслиги ва уни текширмаслиги учун махсус ҳожатхона, соч, тери, чиқинди ва сигарет қолдиқлари учун махсус қоплар олиб юрилади... Чунки бу нарсалар Ким Чен Иннинг соғлиғи ҳақида маълумот олиш имконини беради», деди у.

Аввалроқ, Paris Match нашри Россия Федерал қўриқлаш хизматининг (ФСО) махсус ходими президент Владимир Путиннинг сафари пайтида ахлати ва сийдигини сақлаш ва уларни Москвага махсус жомадонда етказиш билан шуғулланиши ҳақида ёзган эди.

Бундай эҳтиёт чоралари Кремл Путиннинг соғлиғи ҳақидаги маълумотларни сир сақлашга ва «унинг эҳтимолий даволаниш изларини» яширишга интилаётганини англатиши мумкин, деб таъкидлади нашр.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид