Соғлом ҳаёт | 17:16 / 06.09.2025
4260
4 дақиқада ўқилади

Чиқинди эвазига овқат: Ҳиндистоннинг “Garbage cafe” тажрибаси шаҳарларни қандай соғломлаштиряпти?

Амбикапур шаҳрида очилган кафеда овқат учун пул тўланмайди. Одамлар пластик чиқиндиларни топшириб, унинг эвазига иссиқ егулик олади. Ушбу усул шаҳарни пластикдан тозалаш ва кам таъминланган аҳолига ижтимоий ёрдам бериш тизими сифатида танилган. Кафе очилгандан бери у ерда қарийб 23 тонна чиқинди тўпланган ва самарали утилизация қилинган.  

Фото: Диёрахон Набижонова

Ҳиндистоннинг Чаттисгарҳ штати Амбикапур шаҳрида очилган “Чиқинди кафе” (Garbage cafe)да одамлар овқат учун пул тўламайди. Хўрандаларга егулик улар олиб келган пластик чиқинди эвазига тақдим этилади.

Кафе қоидаси жуда оддий: 1 килограмм пластик чиқинди йиғиб топширган одам

  • гуруч;
  • икки хил сабзавот;
  • карри (турфа хил зираворлар аралашмаси қўшилган овқат);
  • дал (ясмиқ, нўхат, ловиядан тайёрланган қуюқ шўрва ёки пюрега ўхшайди, одатда саримсоқ, занжабил, помидор қўшиб пиширилади);
  • роти (буғдой унидан тайёрланади, тандир ёки товада ёғсиз қовуриб пиширилади);
  • салат ва тузламадан иборат тўлиқ тушлик олади.

Ярим килограмм пластик чиқиндига эса нонушта маҳсулотлари берилади.

Илгари йиғган ахлатларимни 10 рупия (тахминан, минг сўм)га сотардим, бу мени умуман қониқтирмасди. Мазкур тизим орқали эса оиламни тўйдира оляпман, чиқиндиларни йиғишга ҳам умуман оғринмаяпман”, - дейди штатда истиқомат қилувчи аёллардан бири Рашми Мондал.

2019 йилда ишга тушган ушбу кафе Амбикапур шаҳар ҳокимияти томонидан молиялаштирилади. Ғоя орқали шаҳарда тўпланиб қолган пластик чиқиндиларни камайтириш ҳамда уйсиз ва кам таъминланганларни иссиқ овқат билан таъминлаш масаласи бир вақтнинг ўзида ҳал қилинади.

Таҳлилларга кўра, кафе очилгандан бери қарийб 23 тонна пластик йиғиб берилган. 2019 йилда шаҳарда йилига 5,4 тонна пластик полигонга юборилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 2 тоннагача тушган.

Амбикапур ҳозирга келиб Ҳиндистоннинг тоза шаҳарларидан бирига айланган. Ҳудуднинг 16 гектарлик чиқинди полигони ёпилиб, унинг ўрнига парк барпо этилган ва “нол чиқинди” тизими йўлга қўйилган.

“Чиқинди кафе” тажрибасидан ташқари, айни вақтда шаҳарда 480 нафар аёл ҳар куни эшикма-эшик юриб ахлат йиғади ва ойига 8-10 минг рупий маош олади.

Ҳудудда 20 та чиқинди ажратиш маркази бор. Бу марказларда чиқиндилар 60 турга бўлиниб, сараланади. Йиғилган пластиклар эса қайта ишланиб, йўллар қурилиши ёки маҳсулотларни қайта ишловчи корхоналарга сотилади. Нам чиқиндилар компост қилинади, қайта ишланмайдиган чиқиндиларнинг озроқ қисми цемент заводларига ёқилғи сифатида юборилади.

Амбикапур тажрибаси Ҳиндистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этилган. Хусусан, Ғарбий Бенгалдаги Силигури шаҳрида пластик эвазига бепул овқат берилмоқда, Телангана штатидаги Мулугу шаҳрида эса 1 кг пластикка 1 кг гуруч тақдим этилади. Карнатака штатидаги Мйсуруда 500 грамм пластик олиб келган одам давлат ошхонасидан нонушта олиши мумкин.

Бундан ташқари, Уттар-Прадешда пластик эвазига аёллар учун гигиеник воситалар бериш кампанияси йўлга қўйилган. Камбоджада ҳам шундай дастур бор: одамлар Тонле Сап кўли атрофида йиғган пластик чиқиндилари эвазига гуруч олади.

БМТ маълумотларига кўра, дунёда йилига 400 млн тоннадан ортиқ пластик ишлаб чиқарилади, унинг атиги 9 фоизи қайта ишланади. Ҳиндистонда эса пластик истеъмоли жуда юқори, кўплаб ҳудудларда чиқинди тўғри ажратилмайди. Шу сабабли 2022 йилдан бошлаб мамлакат ҳукумати бир марталик пластик маҳсулотларни (қоп, стакан, идиш) босқичма-босқич тақиқлашни бошлаган.

Ўзбекистонда ҳам чиқинди муаммоси долзарб. Масалан, Тошкентда йилига 1,5 миллион тоннадан ортиқ маиший чиқинди тўпланади, унинг катта қисми ҳали ҳам полигонларга юборилади. Мутахассислар фикрича, Амбикапур тажрибаси сингари ташаббуслар Ўзбекистонда ҳам жорий этилса, чиқиндиларни камайтириш ва аҳолининг экологик маданиятини оширишда самарали бўлиши мумкин.

Диёрахон Набижонова

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид