Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ифлосланган ҳаво йилига 4,5 миллион бевақт ўлимга олиб келади – ЖМТ
Жаҳон метереология ташкилоти бутун дунёда ҳаво сифатининг ёмонлашиши давом этаётганини маълум қилди.
Миллиардлаб одамлар ифлосланган ҳаводан нафас олмоқда, бу эса ҳар йили 4,5 миллиондан ортиқ эрта ўлимга олиб келяпти. Бу ҳақда Жаҳон метереология ташкилоти (ЖМТ) янги тадқиқоти муаллифлари хабар берди.
Қайд қилинишича, ўрмон ёнғинларидан ҳосил бўлган тутуннинг микроскопик зарралари катта масофаларга силжиши мумкинлиги ҳам хавф туғдиради.
«Ҳаво чегараларни тан олмайди. Пиреней яриморолида ёнғинлар бўйича рекорд мавсумда тутун ва ифлослантирувчи моддалар аллақачон Ғарбий Европа устида қайд этилган ва бутун Европа қитъасига тарқалиши мумкин», деди ЖМТ илмий ходими Лоренсо Лабрадор.
ЖМТ сўнгги бюллетенини тақдим этар экан, Лабрадор бутун дунёда ҳаво сифатининг ёмонлашиши давом этаётганини маълум қилди. У 2024 йилда PM 2.5 майда дисперс заррачаларининг Чили, Бразилия, Эквадор, шунингдек, Канада, Марказий Африка ва Сибирда тарқалгани харитаси ҳақида гапирди.
«Иқлим ўзгариши туфайли ўрмон ёнғинлари мавсуми тобора шиддатли ва узоқ давом этаётганини биламиз», деди у.
Шу билан бирга, ЖМТ олимлари қатор минтақаларда, «айниқса, шарқий Хитой ва Европада йилдан-йилга» атмосферага зарарли ташламалар камайиб бораётганини таъкидламоқда.
«Қачонки мамлакатлар, минтақалар ёки шаҳарлар ёмон ҳаво билан курашиш учун чора кўрса, бу ўз самарасини беради», деди ЖМТ глобал атмосфера бўлими раҳбари Паоло Лай.
Таъкидланишича, Шарқий Хитойда, масалан, Шанхай каби шаҳарларда янги боғлар яратиш ва дарахтлар экиш орқали ҳаво сифатини яхшилашга эришилган. Автомобиллар ҳаракати жадаллигича қолаётган бўлса-да, машиналарнинг катта қисми аллақачон электр энергияси билан ишлайди, деб қўшимча қилди ЖМТ вакили Клэр Нуллис.
Шунга қарамай, дунёда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсияларига мос келадиган ҳаво сифати кўрсаткичларига эга шаҳарлар жуда кам, деди Лай.
«Бу шуни англатадики, сўнгги йиллардаги яхшиланишларга қарамай, ҳаво ифлосланиши аҳоли саломатлиги учун жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда», деди у.
Унинг сўзларига кўра, олтингугурт диоксиди (SO2) ва азот оксидлари (НОх) каби асосий ифлослантирувчи моддаларнинг чиқиндилари назорат чоралари туфайли камаяётган бўлса-да, ер юзасидаги озон даражаси - смогнинг асосий таркибий қисми - камаймаяпти.
«Қисман бу глобал исишнинг натижасидир, чунки озон қуёш нури иштирокида атмосферадаги кимёвий реакциялар натижасида ҳосил бўладиган иккиламчи ифлослантирувчи моддадир», деб тушунтирди эксперт.
Мавзуга оид
11:39 / 01.04.2026
Президент яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича янги вазифаларни белгилади
09:13 / 01.04.2026
Экологик чоралар энди фақат Тошкент билан чекланмайди
18:49 / 31.03.2026
Ботаника боғи ҳудудида велосипед ва самокатлар ҳаракатланиши тақиқланди
17:29 / 31.03.2026