Жаҳон | 15:12 / 09.09.2025
10118
7 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон позицияси ўзгармаган, Тожикистон эса Россия омилини ҳисобга олади” — сиёсатшунос

Афғон манбаларида Ўзбекистон асирликдаги вертолётларни Кобулга қайтариши ҳақида хабарлар ёйинланди. Бироқ Kun.uzʼнинг ТИВдаги манбалари бу хабарни рад этиб, расмий Тошкентнинг позицияси ўзгармаганини билдирди. Хўш, нега яна бу мавзу муҳокама майдонига ташланяпти? “Геосиёсат”да Прогрессив ислоҳотлар маркази экспертлари Умрбек Юсупов ва Исломхон Гаффаровлар мавзу хусусида сўз юритади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистон «Толибон»га учоқларни қайтармайди?

Исломхон Гаффаров: 2021 йил августида Афғонистон ҳукумати қулаши ортидан 46 та вертолёт ва самолёт Ўзбекистонга, 18 таси эса Тожикистонга олиб ўтилди. Бу масала узоқ вақт ёпиқ қолди. Кейинчалик АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Ўзбекистон билан Қўшма Штатлар 2002 йилдан буён стратегик ҳамкор эканини таъкидлаб, қурол-аслаҳаларнинг Ўзбекистон ҳудудида қолиши ҳам шу ҳамкорлик доирасида асосли эканини билдирди. Яъни бу самолётлар Ўзбекистонга тегишли бўлмаса-да, стратегик шериклик асосида вақтинча шу ерда сақланиши мумкин эди.

2024 йил бошида эса вазият ўзгара бошлади: вертолётларнинг еттитаси яроқли ҳолатда АҚШга қайтарилди. Доналд Трамп ҳокимиятга қайтгач, “Афғонистонда қолган қуролларни ҳам қайтариб оламиз”, дея баёнот берди. Аммо “Толибон” ҳукумати бу таклифни рад этиб, “Биз терроризмга қарши курашяпмиз, аксинча қўшимча ёрдам беришингиз керак”, деган жавобни берди.

Трампнинг баёнотлари кўпроқ электоратга қаратилгани айтилмоқда. Чунки у сайловолди кампаниясида Байденни Афғонистондаги сиёсати учун танқид қилган ва энди президент сифатида ўз тарафдорларига натижа кўрсатишга уринмоқда. Шу боис унинг “ҳамма қуролларни қайтарамиз” деган гаплари реал сиёсий қарордан кўра, сиёсий шиор сифатида баҳоланмоқда. 20 март куни АҚШ вакиллари Залмай Халилзод ва Адам Боеҳлер Кобулда музокаралар олиб бориб, асирларни олиб чиқди. Шу билан бирга, қурол-яроғ масаласида ҳам суҳбат бўлгани айтилди. Бироқ Қўшма Штатлар кенг миқёсда самолёт ва вертолётларни қайтариш ниятида эмаслиги кўринмоқда. Ўзбекистон ҳудудидаги самолётларнинг тақдири ҳам фақат АҚШ билан келишув асосида ҳал қилинади. Тошкентнинг мустақил равишда уларни «Толибон»га топшириши халқаро ҳуқуққа зид бўларди, чунки бу самолётлар аслида АҚШ томонидан собиқ афғон ҳукуматига берилган эди. Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ тамойилларидан чекинмайди: Афғонистондаги ҳозирги ҳукумат расмий тан олинмаган бир пайтда қурол топшириш Тошкент сиёсатига мос келмайди. Шу боис Ўзбекистоннинг позицияси ҳозирча ўзгармаган, масала кун тартибидан аста-секин тушиб бормоқда. Бироқ айрим манбалар бу мавзуни яна кўтариш орқали Ўзбекистон-Афғонистон алоқаларига рахна солишга уринмоқда. Масала қайта муҳокамага чиқса, бу икки давлат ўртасидаги ижобий алоқаларга зарар етказиши мумкин. Бундан эса, табиийки Ўзбекистон ва Афғонистоннинг яқинлашувини истамайдиган шимол тарафдаги ташқи геосиёсий рақиблар манфаатдор бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Тожикистон одатда Россия билан келишган ҳолда қарор қабул қилади. Ҳатто Қўшма Штатлар билан бевосита келишувга эришилган тақдирда ҳам, Москва билан мувофиқлашувсиз бундай иш амалга ошмайди. Агар Тожикистон ўз ташаббуси билан бу йўлда қадам қўйса, бу тожик-афғон муносабатларида янги саҳифа очиши мумкин. Аввал муносабатлар анча таранг эди, ҳозир эса нейтрал тус олган. Тожикистон ҳуманитар ёрдам ҳам юборган. Агар қуролларни қайтариб бериш масаласи ҳам амалга ошса, бу икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг янада ривожланишига туртки бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Умрбек Юсупов: Агар очиқчасига гапирадиган бўлсак, 2021 йилда «Толибон» ҳукумати ҳокимиятга келганидан буён Афғонистонда айрим ижобий ўзгаришлар кузатилди. Хусусан, наркотик экинлари камайди, хавфсизлик сезиларли даражада тикланди ва одатий ҳаётга қайтиш тенденцияси бошланди. Бу жараёнларда Ўзбекистоннинг ўрни беқиёс, буни афғонлар ҳам музокараларда тан олади ва бутун дунё кузатиб турибди. Ўзбекистоннинг асосий позицияси шуки, Афғонистон Марказий Осиё жараёнларига фаол жалб қилиниши керак. Афғонистонсиз жанубий транспорт коридорларини ривожлантириш, инфратузилмани кенгайтириш деярли имконсиз. Шу боис Афғонистон бу жараёнларнинг ажралмас иштирокчисига айланган.

Албатта, муаммолар ҳам бор. Масалан, Қўштепа канали ёки айрим ҳарбий масалалар икки томонлама ечим талаб қилади. Агар бу муаммоларга ташқи кучлар аралашса, айниқса сув масаласида, вазият мураккаблашиб кетиши мумкин. Шу билан бирга, Ўзбекистон инсонпарварлик ёндашуви билан ажралиб туради. Масалан, зилзилалар оқибатида кўрсатилаётган ёрдам, Фаластиндан болаларни ўқишга қабул қилиш ташаббуси ёки Афғонистонни иқтисодий қайта тиклашдаги фаол иштирок бунга мисол бўла олади. Бу ташаббуслар нафақат Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатлари, балки бутун Марказий Осиё тинчлиги учун муҳим аҳамият касб этади.

Тожикистон масаласида бир жиҳатни унутмаслик керак: Тожикистонда Россия ҳарбий базаси мавжудлиги ва Коллектив хавфсизлик шартномаси доирасидаги фаоллик айрим иштирокчиларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Ҳозир медиада ҳам турли гаплар тарқалмоқда. Хусусан, Тожикистон ҳудудида қолаётган америкалик самолётлар Россия томонига маъқул келмаяпти. Бунинг сабаби шундаки, хорижий ҳарбий техника мамлакат ҳудудида қолса, у ҳамкорлик учун янги асос яратади. Масалан, таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш баҳонасида хорижий мутахассислар келиши, қўшма машғулотлар ташкил қилиниши ёки ҳатто Қўшма Штатлар ва бошқа мамлакатлар билан ҳарбий алоқалар кучайиши мумкин. Бу эса Россия учун нохуш ҳолат. Шу боис бундай масалалар Россия билан келишилган ҳолда ҳал этилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Иккинчи томондан, бу вазият Афғонистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг келажак йўналишини ҳам белгилаши мумкин. Шу билан бирга, Тожикистон учун бундай техника фойдали: машқлар ўтказиш ва тажриба орттириш имконини беради. Бундан ташқари, агар Трамп даврида Қўшма Штатлар Марказий Осиёга кўпроқ эътибор қаратадиган бўлса, Тожикистондаги самолётлар уларга мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қулай баҳона бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид