Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги рақобат яққол кўзга ташланиб бормоқда. Таҳлилчиларга кўра, бу ҳолат фақат АҚШ–Эрон уруши билан боғлиқ эмас: OPEC доирасидаги квоталар тортишуви, Судан ва Ямандаги қарама-қарши позициялар ҳамда иқтисодий рақобат бу зиддиятнинг анча чуқур ва тизимли эканини кўрсатади.
— АҚШ–Эрон уруши фонидаги БАА ва Саудия зиддияти вақтинчаликми ёки бу стратегик бўлинишми?
Камолиддин Раббимов: Менимча, бу жараён вақтинчалик ҳодиса эмас, балки чуқур геосиёсий ўзгаришларнинг бошланишидир.
Ушбу уруш натижасида Яқин Шарқ минтақасининг хавфсизлик архитектураси қайта кўриб чиқилиши муқаррар. Доналд Трамп президентлигининг биринчи даврида Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари ва Марокаш Исроил билан дипломатик алоқалар ўрнатди. Бугунги уруш фонида эса араб давлатлари ичида айнан Бирлашган Араб Амирликлари Исроил ва АҚШга энг яқин позицияни эгаллаб бормоқда.
Амирликлар стратегик жиҳатдан Исроилга янада яқинлашгани кузатилмоқда. Бу ҳолат араб давлатлари ўртасида Исроилни тан олмаслик бўйича шаклланган тарихий консенсуснинг емирилаётганини англатади. Аввал ҳам Миср ва Иордания Исроил билан алоқалар ўрнатган эди, бироқ уларнинг риторикаси танқидий руҳда сақланиб қолган. Ҳозирги вазиятда эса БАА ва Исроил ўзаро муносабатларни очиқчасига стратегик иттифоқ даражасига олиб чиқмоқда. Бу эса БААнинг сиёсий ва геосиёсий танлови аниқ ва кескин эканини кўрсатади.
Шу билан бирга, минтақадаги бошқа давлатлар, хусусан Қатар ва Саудия Арабистони АҚШнинг хавфсизлик кафолатларига нисбатан шубҳа билан қарай бошлади. Улар учун муҳим савол шуки: агар келажакда Исроил ва араб давлатлари ўртасида тўқнашув юзага келса, АҚШ нейтрал қоладими ёки тўлиқ Исроил томонида турадими? Мавжуд тажриба АҚШнинг бир томонлама позиция эгаллаш эҳтимоли юқорилигини кўрсатмоқда.
Яна бир муҳим ўзгариш – Эрон омилига бўлган муносабатнинг трансформациясидир. Авваллари араб давлатлари учун асосий стратегик таҳдид сифатида Эрон кўрилган бўлса, сўнгги йилларда, айниқса 2023 йил 7 октябрдан кейинги воқеалар фонида, Исроил агрессияси марказий ўринга чиқди. Эндиликда минтақадаги кўпроқ доираларда Исроил асосий стратегик таҳдид сифатида баҳоланмоқда.
Исроилнинг идеологик ва диний асосланган сиёсий қарашлари минтақадаги зиддиятларнинг узоқ муддат давом этишини англатади. Яъни араб давлатлари ва Исроил ўртасидаги қарама-қаршиликлар ҳали якунланмаган.
















