Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин умрни узайтириш билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштиришни 8 баробар оширди
Россия президентининг ҳаётни узайтириш мавзусига қизиқиши бир неча бор омма олдида намоён бўлган.
Фото: EPA
Россия илмий жамғармаси (РНФ) томонидан қариш ва умрни узайтириш соҳасидаги тадқиқотларни молиялаштириш сўнгги беш йил ичида саккиз баравардан кўпроқ ошди. «Новая Европа» нашрининг жамғарма сайтидаги маълумотларга асосланган ҳисоб-китобларига кўра, қўллаб-қувватлаш ҳажми 2016-2020 йиллардаги 21 миллион рублдан 2021-2025 йилларда 172 миллион рублга етган. Аслида, фарқ янада каттароқ бўлиши мумкин, дея таъкидлади нашр. РНФ васийлик кенгашига Путиннинг узоқ йиллик дўсти ва сафдоши Андрей Фурсенко раҳбарлик қилмоқда.
Жорий беш йиллик даврда РНФ фундаментал тиббиётнинг қариш билан боғлиқ 43 та лойиҳасини қўллаб-қувватлади, 2016-2020 йилларда эса бундай лойиҳалар атиги еттита эди. Уларнинг аксарияти (34 та лойиҳа) 2021-2023 йилларда маъқулланган.
Қўллаб-қувватланган лойиҳалар орасида физиологик ва патологик қаришнинг шаклланишида туғма иммунитет механизмларини ўрганиш, қаришнинг кечишини башорат қилиш учун маркерларни излаш, шунингдек, мия ва кўздаги ўзгаришлар билан Алцгеймер касаллиги ўртасидаги боғлиқликни ўрганиш киради.
РНФ маблағлари Путиннинг тўнғич қизи Мария Воронцовага ҳам ажратилди. У «Организмда ҳужайраларнинг янгиланиш жараёнларини тартибга солиш, органлар ва тўқималарнинг функционал фаоллигини, инсон саломатлиги ва фаол узоқ умр кўришини узоқ вақт сақлашнинг фундаментал асоси» лойиҳасига раҳбарлик қилади.
Владимир Путиннинг ҳаётни узайтириш мавзусига қизиқиши бир неча бор омма олдида намоён бўлган. Хусусан, яқинда Пекинга ташрифи чоғида у Хитой раҳбари Си Жинпинг билан шахсий суҳбатда умр кўриш давомийлигини узайтириш истиқболлари ва органларни доимий равишда кўчириб ўтказиш имкониятларини муҳокама қилган эди.
The Times 2024 йил сентябр ойида Россиянинг юқори мартабали амалдори умр кўриш давомийлигини узайтириш бўйича тадқиқотларни тезлаштириш бўйича топшириқ бергани ҳақида ёзди. Шундан сўнг, нашрнинг ёзишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги институтлардан ҳужайра қаришига қарши курашиш усуллари устида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот беришни талаб қилган.
Мавзуга оид
11:00
Ҳиндистонлик журналист Путиндан нима учун Донбассдаги русийзабон ва Россияни қўлловчи украинларнинг уйларини яксон этаётганини сўради
23:00 / 04.12.2025
Америка делегацияси Зеленский билан учрашувни бекор қилган — ОАВ
22:15 / 04.12.2025
BRICS ягона валютасини жорий этишга шошилишдан маъно йўқ – Путин
15:45 / 04.12.2025