Технология | 21:45 / 16.09.2025
7295
3 дақиқада ўқилади

Одамлар кундалик масалаларда ChatGPT билан тобора кўпроқ мулоқот қилаётгани аниқланди

Янги тадқиқот чат-ботнинг дастурчилар ва копирайтерлар учун махсус ишчи восита экани ҳақидаги машҳур тасаввурларни кўп жиҳатдан рад этади. Энди одамлар кундалик ҳаётий масалаларда унга кўпроқ мурожаат қилмоқда.

Фото: Shutterstock

OpenAI компанияси Ҳарвард ва Дюк университетлари тадқиқотчилари билан ҳамкорликда бутун дунё бўйлаб одамлар ChatGPT’дан қандай фойдаланаётгани ҳақидаги биринчи кенг кўламли тадқиқотни (.pdf) эълон қилди.

Натижалар чат-ботнинг дастурчилар ва копирайтерлар учун махсус ишчи восита экани ҳақидаги машҳур тасаввурларни кўп жиҳатдан рад этади.

Тадқиқотнинг асосий хулосаси шундаки, ChatGPT сўровларининг аксарияти иш билан боғлиқ эмас. Агар 2024 йил июн ойида иш билан боғлиқ бўлмаган сўровлар улуши 53 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йил июлига келиб, чат-бот аудиторияси ҳафтасига 700 миллион фаол фойдаланувчига етганида (сайёрамиз катта ёшли аҳолисининг тахминан 10 фоизи), «иш билан боғлиқ бўлмаган» мулоқотлар улуши 73 фоизга етган. Шу билан бирга, «иш бўйича мулоқот»ларнинг мутлақ сони ҳам ошди, аммо уларнинг умумий ҳажмдаги улуши сезиларли даражада камайди.

ChatGPT’дан профессионал фойдаланиш одатда юқори маош оладиган олий маълумотли мутахассисларга хос бўлиб, улар кўпинча нейрон тармоғидан иш хатлари, ҳужжатлар ва ҳисоботларни ёзиш ва таҳрирлаш учун фойдаланмоқда.

Фойдаланишнинг энг машҳур тоифаси «Амалий тавсиялар» бўлди. Бунга машғулот режаларини тузиш, рецептларни топиш, болаларни тарбиялаш бўйича маслаҳатлар, ўқишга ёрдам бериш ва севимли машғулот учун ғоялар яратиш бўйича сўровлар киради.

Иккинчи ўринда «Ахборот қидириш» жойлашган бўлиб, бу чат-ботни анъанавий қидирув тизимларининг тўғридан-тўғри рақобатчисига айлантиради.

Учинчи энг машҳур тоифа - «Матн ёзиш» бўлиб, у электрон хатлар, ижтимоий тармоқлар учун постлар ва бошқа ҳужжатларни яратиш ва таҳрирлашни ўз ичига олади. Бу уч йўналиш биргаликда барча суҳбатларнинг деярли 80 фоизини қамраб олади.

Стереотиплардан фарқли ўлароқ, тор ихтисослашган вазифалар камчиликни ташкил этди. Масалан, компютер дастурлаш соҳасига сўровларнинг атиги 4,2 фоизи тўғри келади. Бундан ҳам камроқ одамлар ChatGPT’дан кўнгил очиш ёки ҳиссий қўллаб-қувватлаш учун фойдаланади - ўйинлар, ролли сценарийлар ва шахсий муносабатларни муҳокама қилиш диалогларнинг атиги 2 фоизини ташкил этади.

Тадқиқот муҳим демографик силжишларни ҳам аниқлади. Агар лойиҳа бошида фойдаланувчилар орасида эркаклар (тахминан 80 фоиз) устунлик қилган бўлса, 2025 йилга келиб, гендер тафовути деярли йўқолди. Бундан ташқари, паст ва ўрта даромадли мамлакатларда ChatGPT машҳурлигининг жадал ўсиши қайд этилди, бу технологиянинг глобал ва тобора бир текис тарқалишидан далолат беради.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид