Жаҳон | 15:03 / 18.09.2025
2981
2 дақиқада ўқилади

Литва Европада терактлар бўйича Россия билан боғлиқ режани фош қилди

Литва Бош прокуратураси ва жиноят полицияси Европа Иттифоқининг турли мамлакатларида қатор терактлар уюштиришни режалаштирган гуруҳни фош қилди. Операцияда халқаро терговчилар иштирок этиб, уларнинг Россия разведка хизматлари билан алоқаларини фош этди.

Фото: Ales Petrowitsch

Литва Бош прокуратураси ва криминал полицияси Европанинг бир қанча давлатларида терактлар уюштиришни режалаштирган уюшган гуруҳни фош қилди, деб хабар берди Lrt.lt нашри чоршанба, 17 сентябр куни. Тергов натижаларига кўра, 2024 йил июлида Литва фуқароси Александр Шуранов DHL ва DPD хизматлари орқали Вилнюсдан портловчи мосламалар солинган бир нечта посилкаларни жўнатган.

Халқаро журналистлар гуруҳи, жумладан, LRT суриштирувлар бўлимига кўра, Шуранов Россия Бош разведка бошқармаси (ГРУ) номидан ишлаган. Журналистлар унинг Россия разведка хизматлари билан алоқалари ўтган йилги ҳужумлардан анча олдин мавжуд бўлган бўлиши мумкинлигини аниқлади.

Иккита посилка Буюк Британияга, яна иккитаси Полшага юборилди. 20, 21 ва 22 июл кунлари жами учта посилка ёниб кетди: Лейпциг аэропортида, Германия; Полша орқали ҳаракатланаётган DPD юк машинасида; Буюк Британиянинг Бирминҳэмидаги DHL омборида.

Қўлбола қурилмалар массаж ёстиқчалари ва косметика буюмлари сифатида ниқобланган электрон таймерли термит бомбалардан иборат эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид