ХХ аср бошларида Туркистон чор Россияси ва кейинчалик Совет ҳукмронлиги остида мисли кўрилмаган репрессияларга учради. Биринчи жаҳон уруши минтақада сиёсий беқарорликни кучайтириб, миллий озодлик ҳаракатларининг уйғонишига сабаб бўлди. Натижада қўрбошилар сиёсий саҳнага чиқиб, қуролли қаршиликнинг рамзига айланди. Kun.uz мавзу муҳокамаси учун қўрбошиларнинг кураши, ташкилий тузилмалари, ички низолари ва халқаро алоқалари мавзусини муҳокама қилиш учун тарихчи олим Феруз Бобоевни суҳбатга таклиф этди.

Биринчи жаҳон уруши дунё сиёсий ҳаётига, жумладан Туркистонга қандай таъсир қилди?

Феруз Бобоев: Ҳақиқатан ҳам, Биринчи жаҳон уруши жаҳон сиёсий ҳаётида катта ўзгариш ва туб бурилиш босқичи сифатида қаралади. Уруш натижасида йирик империялар хусусан, Австрия-Венгрия, Россия империяси ва бошқа мустамлакачи давлатларда ҳокимият қулашига олиб келди. Бу жараён эса уларнинг таркибидаги халқларда миллий озодлик ҳаракатларининг кучайишига туртки бўлди. Худди шундай ҳолат Туркистон ўлкасига ҳам тааллуқлидир. Маълумки, Туркистон ҳудуди 1865 йилдан бошлаб Россия империяси томонидан босиб олинган бўлса-да, аслида бу жараён 1847 йилдан бошланган десак, тўғрироқ бўлади. Босқинлар натижасида Туркистон халқлари Россия империясининг мустамлакаси остида ижтимоий-иқтисодий ҳаётни давом эттиришга мажбур бўлдилар.

Шу боис, Россия империясининг Биринчи жаҳон урушидан кейин парчаланиши Туркистон халқлари учун ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқлари, эркинлик ва мустақиллик йўлида курашиш ғояларининг янада кучайишига сабаб бўлди. Албатта, бу ғоялар урушдан кейин пайдо бўлмаган, улар илгари ҳам мавжуд эди. Бироқ империянинг заифлашуви миллий озодлик ҳаракатининг кучайишига муҳим туртки бўлди. Бу ҳолат нафақат Туркистонда, балки Россия империясининг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилди. ХХ асрнинг 1920 йилларига келиб, ушбу миллий-озодлик ҳаракатлари тобора кучайди ва кўплаб ҳудудларда фаол шаклда намоён бўлди. Хулоса қилиб айтганда, Биринчи жаҳон уруши натижасида империяларнинг парчаланиши мустамлака халқлари, жумладан, Туркистон халқлари орасида миллий уйғониш ва озодлик ғояларининг кучайишига замин яратди.

Қўрбошилар ҳаракати қайси ҳудудларда бошланди ва бунга арман дашноқларининг боғлиқлиги нимада?

Феруз Бобоев: Қўрбошилар ҳаракати Ўзбекистон тарихида муҳим ўрин эгаллайди. У миллий-озодлик курашининг ажралмас бир бўғини бўлиб, Туркистон мухториятининг 1918 йилда қонга ботирилганидан кейин юзага келди. Аммо тарихий шароитдан қатъи назар, Россия империясининг мустамлакачилик сиёсатига қарши кураш Туркистон халқлари томонидан барибир бошланарди. Туркистон мухториятининг қулатилиши бу ҳаракатни тезлаштирди ва айниқса Фарғона водийсини қаршилик марказига айлантирди. Туркистон мухториятига қарши ҳарбий ҳаракатлар Россия ичкарисида оқ гвардиячиларга қарши кураш кетаётган мураккаб бир даврда бошланди. Совет ҳукумати ички муаммолардан азият чекаётганига қарамай, Туркистонда миллий ҳаракатларни бостириш учун катта куч ажратди. Оренбург темирйўлининг тикланиши натижасида Россиядан ҳарбий кучларни олиб келиш имкони пайдо бўлди. Генерал Перфилев бошчилигида 11 та эшелон ҳарбийлар Туркистонга юборилди. Бу қўшинлар мухториятни тугатишда асосий рол ўйнади. Туркистон мухториятининг сўнгги кунларида мудофаа масъулияти Кичик Эргаш зиммасига юклатилди. У мухторият тугатилгач, қуролли курашга бошчилик қилди. Афсуски, совет пропагандаси томонидан у ва бошқа етакчилар «босмачи» сифатида кўрсатилди. Бу фикр ҳанузгача айримлар томонидан такрорланмоқда. Ваҳоланки, уларнинг ҳаракати тарихий адолат, миллий эркинлик ва дин, эътиқодни ҳимоя қилишга қаратилган эди.