Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия қирувчилари ва дронлари НАТО давлатлари ҳаво ҳудудига «тасодифан учиб кириш»да давом этмоқда
Ушбу давлатлар ҳукуматлари бунга қандай муносабат билдирмоқда? Россия-Украина уруши туфайли ҳам хавотирли тус олган эпизодлар ҳақида.
The Swedish Armed Forces / AFP / Scanpix / LETA
НАТОнинг икки давлати – Эстония ва Полша – 19 сентябр куни Россияни провокацияларда айблади: россияликларнинг учта самолёти Эстония ҳаво кенглигини бузиб кирган, яна иккитаси — Полшанинг Petrobaltic платформасининг Болтиқ денгизидаги «хавфсизлик зонаси»га кирган. Таллин Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ НАТО иттифоқчилари билан маслаҳатлашув ўтказилишини сўради. Полша ҳам икки ҳафтача олдин, Россия дронлари гуруҳи мамлакат ҳудудига кириб келганида худди шу моддани қўллаган эди. Бу, албатта, бундай кескинлашув билан боғлиқ илк эпизодлар эмас – аммо кенг кўламли уруш фонида улар айниқса хавотирли кўринади. Масалан, АҚШ президенти Доналд Трамп Эстония ҳаво ҳудудидаги воқеадан сўнг НАТО ва Россия муносабатларида «катта муаммолар бўлиши мумкинлиги»ни тахмин қилди. «Медуза» 2022 йил 24 февралдан кейинги даврда Ғарбнинг айрим давлатлари ёки бутун Шимолий Атлантика алянси Москва таҳдидларига реакция кўрсатишига тўғри келган ҳолатларни эслади.
Британия разведка самолёти атрофида Россия ракетаси
Нима бўлганди?
2022 йил 29 сентябр куни Россиянинг Су-27 қирувчи самолёти Британиянинг Қора денгиз устида бўлган Boeing RC-135 русумли разведкачи самолёти яқинида ракета учиради. Бу ҳақда ўша йил октябрида Буюк Британия парламентида мудофаа вазири Бен Уоллес маълум қилганди.
Буюк Британия қандай реакция қилди?
Бен Уоллес расмий Лондон мазкур ҳодисани Россия томонидан «қасддан қилинган эскалация» сифатида кўрмаётганини айтганди. Британия мудофаа вазирлиги таҳлили ракета «техник носозлик» туфайли учирилганини тасдиқлаган. Шунга қарамай, Лондон Россия мудофаа идораси ва шахсан Сергей Шойгуга мурожаат қилиб, ўз хавотирини билдирган. Ҳудудда разведка парвозлари қайта тиклангач, Британиянинг қуролланмаган самолётларига Қироллик ҳаво кучлари қирувчи самолётлари ҳамроҳлик қила бошлайди.
Украина ракетаси Полша ҳудудига тушиши
Нима бўлганди?
2022 йил 15 ноябрида РФ қуролли кучларининг Украина ҳудудлари бўйлаб навбатдаги ракета ҳужуми пайтида Полшанинг Пшеводув қишлоғи ҳудудига ракета қулайди. Бу маҳаллий ғалла омборида портлашга сабаб бўлади. Натижада икки киши – қишлоқ хўжалиги корхонаси ишчилари ҳалок бўлган.
НАТО ва Полша қандай реакция қилди?
Аввалига НАТО Пентагоннинг аноним вакилига таяниб, Полша ҳудудига тушган ракета Россия армияси томонидан Украина энергетика инфратузилмасига берилган зарбалар вақтида учирилганини эълон қилди. Бироқ, бир неча соат ўтгач, ракета Украинанинг С-300 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан учирилгани ойдинлашди. Аммо НАТО ва Россия ўртасидаги можаро кучайиши мумкинлиги ҳақидаги мунозара давом этди. Полша Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ маслаҳат сўрови вариантини кўриб чиқди, аммо якунда бу фикрдан қайтди. Шунга қарамай, ҳодиса учун жавобгарлик Украинани ўққа тутган ва Пшеводувдаги портлашга сабаб бўлган Россия зиммасига юклатилди.
Айтиш мумкинки, бу ҳодиса Россия-Украина уруши давридаги энг хавотирли воқеалардан бири эди. Агар ракетани Россия учиргани ҳақидаги версия тасдиқланганида, у ҳолда эпизод НАТО мамлакатига ҳужум сифатида талқин қилиниши мумкин эди. Бу эса, ўз навбатида, алянснинг ҳарбий жавобини келтириб чиқаради. Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддасига кўра, «иттифоқ аъзоларидан бирига ҳужум қилиш ҳаммага ҳужум қилиш демакдир». Тўғри, бу тезиснинг талқини, яъни агар НАТОнинг бир мамлакатига қарши тажовуз рўй берган тақдирда, қолганларнинг барчаси унинг томонида урушга қўшилиши ҳақидаги талқин унчалик тўғри эмас: давлатлар иттифоқчига қандай ёрдам кўрсатишни ўзлари ҳал қилиш ҳуқуқига эга – «шу жумладан, қуролли кучларни қўллаш» ҳам бор, лекин бошқа усуллар ҳам истисно қилинмайди.
Қора денгиз устида Америка разведка дрони йўқ қилиниши
Нима бўлганди?
2023 йил 14 мартида Россиянинг Су-27 қирувчиси Қора денгиз сувлари узра Американинг MQ-9 Reaper русумли разведкачи дрони йўлини тўсиб чиқади ва унга зарар етказади. Натижада дрон халқаро сувларда ҳалокатга учрайди. Deutsche Welle нашри қайд этишича, бу совуқ уруш давридан буён АҚШ учиш аппарати РФ ҳаво-космик кучлари томонидан йўқ қилиниши билан боғлиқ биринчи ҳолат эди.
Ҳеч қандай ўқ-дори юкланмаган MQ-9 Reaper дрони ўша куни кузатув миссиясини бажариш учун Руминиядаги базадан ҳавога кўтарилганди. У ўзига иккита Су-27 яқинлашиб келганида Қора денгизнинг халқаро сувларида, Қримдан тахминан 120 километр жануби-ғарбда учаётганди. Пентагоннинг тасдиқлашича, Россия самолётлари бир неча бор дрон устига ёқилғи тўкиб кетган. Натижада дрон винти шикастланган ва оператор уни денгизга чўктиришга мажбур бўлган. Америка томони аппарат софтини масофадан туриб йўқ қилган.
АҚШ қандай реакция қилди?
Анча вазминлик билан. Вашингтон НАТО бўйича иттифоқчилари билан маслаҳатлашув ўтказмади, аммо Россия томони билан мулоқот қилди. Хусусан, Пентагон раҳбари Ллойд Остин ҳодисанинг «сабаблари ва оқибатлари»ни муҳокама қилиш учун ўша пайтдаги Россия мудофаа вазири Сергей Шойгуга қўнғироқ қилди. АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари Россия ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳаракатларини «совуққонлик» деб атади. Ўша пайтда Россиянинг Вашингтондаги элчиси бўлган Анатолий Антонов эса тушунтириш бериш учун Давлат департаментига чақиртирилган. Россия мудофаа вазирлиги ўзига қўйилган барча айбловларни рад этиб, «Россия қирувчи самолётлари борт қуролларидан фойдаланмагани, учувчисиз учиш аппарати билан контакт бўлмагани»ни таъкидлади. Шунга қарамай, ҳодисадан 10 кунча вақт ўтгач, Шойгу Су-27 учувчиларини «Жасорат» ордени билан тақдирлади.
Россиянинг Су-35 самолёти Қора денгиз устида Полша самолёти атрофида хавфли манёвр қилди
Нима бўлганди?
2023 йил 5 май куни Россиянинг Су-35 қирувчи самолёти Полшанинг Руминия чегара хизмати билан биргаликда Қора денгиз халқаро ҳаво кенглигида навбатчилик қилаётган L410 Turbolet самолётига хавфли масофада яқинлашади. Полша чегара хизматининг таъкидлашича, Руминия ҳаво ҳудудидан тахминан 60 километр шарқда Су-35 «агрессив» манёврларни амалга оширган. Қирувчи самолёт Полша самолётининг шундоққина тумшуғи олдидан учиб ўтган: экипажнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳаво кемалари орасидаги масофа атиги беш метрга яқин бўлган. Уч марта яқинлашишга уринишдан сўнг, Россия самолёти учиб кетди.
НАТО ва Руминия қандай реакция қилди?
Руминия ҳарбий-ҳаво кучларининг иккита жанговар самолёти ва Испания ҳарбий-ҳаво кучларининг иккита самолёти Испаниянинг Торрехон шаҳридаги НАТО Бирлашган ҳаво операциялари маркази томонидан тревога бўйича кўтарилди. Гарчи тўртта самолёт воқеага аралашишга тайёр бўлган бўлса-да, бундай кескинлашувга барибир зарурат сезилмади. Руминия мудофаа вазирлиги Су-35 учувчиларининг хатти-ҳаракатларини «Россия Федерациясининг Қора денгиз устидаги [парвозларга] провокацион ёндашувининг яна бир далили» деб атади.
Полша ҳудудидан учиб ўтган Россия ракеталари
Нима бўлганди?
2023 йил 29 декабрда Полша ҳаво кенглигига Украина томондан «номаълум объект» учиб киради. Объект сигнал йўқолгунча мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг радиолокацион воситалари назорати остида бўлган. Умуман олганда, объект Полша устидан тахминан 40 километр масофада учиб ўтди ва Украина томон йўл олди. Кейинроқ Бош штаб раҳбари Веслав Кукула бу Россия қанотли ракетаси бўлганини тасдиқлади.
Полша қандай реакция қилди?
Мамлакат президенти Анджей Дуда Миллий хавфсизлик бюросининг шошилинч мажлисини чақирди, унда юқорида тилга олинган генерал Кукула, миллий мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш ҳамда оператив қўмондонлик бошлиғи генерал Мачей Клиш иштирок этди.
Полша ТИВ бу воқеадан кейин РФ муваққат ишлар вакили Андрей Ордашни чақиртириб, унга норозилик нотаси топширди. Полша томони Россияни ҳодисани изоҳлашга ҳамда бундай ҳаракатларни бас қилишга чақирган.
Шунга қарамай, 2024 йил мартида Украина ҳудудига навбатдаги ёпирилма ҳужум вақтида Россия ракеталаридан яна бири Полша ҳаво кенглигига кирди ҳамда 39 сония давомида мамлакат осмонида учди.
Финландия осмонидаги Россия қирувчилари ҳамда бомбардимончилари
Нима бўлганди?
Финландия чегара хизмати баёнотига кўра, 2024 йил 10 июнда Россиянинг тўртта самолётидан иборат дивизия (икки бомбардимончи ва икки қирувчини ўз ичига олган), Ловииса шаҳри ҳудудида мамлакат ҳаво кенглигини бузиб кирган. Самолётлардан камида биттаси Финландия ҳудудига 2,5 километргача ичкарилаб, тақиқланган зонада икки дақиқага яқин вақт давомида қолган. Ва бу Россия-Украина уруши даврида Россия Федерациясининг шимолий қўшниси ҳаво ҳудудини бузиши билан боғлиқ биринчи ва охирги ҳолат эмасди.
Финландия қандай реакция қилди?
Ўшанда, 2024 йил июнида, Финландия ташқи ишлар вазирлиги Россия элчихонасидан қоидабузарлик юзасидан изоҳ талаб қилиш билан кифояланган.
Полша осмонида Россия дронлари
Нима бўлганди?
2025 йил 10 сентябрга ўтар кечаси НАТО давлатларининг Россия қуролли кучлари билан тўқнашиши бўйича сўнгги вақтлардаги энг хавфли воқеа содир бўлди. Украинага навбатдаги йирик ёпирилма зарба пайтида Россиянинг «Гербер» русумли 19 та дронлари гуруҳи Полша ҳудудига учиб кирди.
Уларнинг бир қисми уриб туширилди – Россия-Украина уруши даврида биринчи марта НАТО авиацияси бундай операцияга жалб қилинди. Таҳдидни бартараф этиш учун Полша ҳукумати Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини жанговар шай ҳолатга келтирди, Полшанинг F-16 қирувчи самолётлари, Нидерландиянинг F-35 самолётлари, Италиянинг AWACS самолётлари ва ёқилғи қуйиш самолётлари ҳавога кўтарилди.
Аввалига мамлакат шарқидаги Люблин вилоятидаги Вирики-Воля қишлоғидаги турар жой биносига дронлардан бирининг парчалари қулагани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик маълум бўлишича, бу дрон эмас, балки F-16 қирувчи самолётидан учирилган AIM-120 AMRAAM ракетаси бўлгани, «парвоз пайтида унинг нишонга олиш тизими ишдан чиққан» ойдинлашди. Снаряднинг жанговар каллаги портламаган ва 150 килограммдан ортиқ оғирликдаги уч метрли ракета турар жой биносига қулаган. Бунда ҳеч ким жабрланмаган.
НАТО ва Полша қандай реакция қилди?
Бу сафар – аввалги барча ҳодисаларга нисбатан имкон қадар қатъий муносабат билдирилди. Полша қуролли кучлари оператив қўмондонлиги ҳодисани «фуқаролар хавфсизлигига ҳақиқий таҳдид соладиган тажовузкорлик ҳаракати» деб баҳолади. Бош вазир Доналд Туск ҳукуматнинг шошилинч йиғилишини чақирди.
Ниҳоят, 10 сентябр куни Полша расмийлари Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасини фаоллаштиришни расман сўради, бу охирги марта 2022 йилда Россия қуролли кучларининг Украинага бостириб киришидан кейин қўлланган эди. НАТО кенгаши йиғилишида иттифоқчилар Варшава билан бирдамлик билдирди ва РФнинг хатти-ҳаракатларини қоралади. Яна икки кундан сўнг алянс «Шарқий қўриқчи» операциясини бошлади: алянснинг шарқий қанотини ҳимоя қилиш учун блокнинг етти давлати ўз қирувчи самолётлари, вертолётлари ва қўшимча ҳарбий контингентини юборди; яна учтаси операцияга қўшилишга тайёрлигини билдирди.
Кейинги куни, 13 сентябрда Россия дрони Руминия ҳаво кенглигига кирганида, уни тўхтатиш учун дарҳол иккита F-16 қирувчиси ҳавога кўтарилди. 50 дақиқа ўтиб дрон НАТОга аъзо мамлакат ҳудудини тарк этди.
Эстония осмонида Россия қирувчилари
Нима бўлганди?
Эстония мунтазам равишда Россияни ўз ҳаво ҳудудини бузганликда айблайди: биргина 2025 йилда бундай эпизодлар сони камида бешта. Аммо иккинчиси – Полша ҳудудига дронлар учиб келганидан кейин НАТО ва Москва ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви фонида – айниқса шов-шувли бўлмоқда. 2025 йил 19 сентябрда Эстония Бош штаби Россиянинг учта МиГ-31 қирувчи самолёти Фин кўрфазидаги Вайндлоо ороли яқинида мамлакат ҳаво ҳудудини бузганини маълум қилди (Россия айбловларни бутунлай рад этади ва маршрутнинг «қонунийлиги»ни таъкидлайди). Ҳарбийларга кўра, самолётлар 12 дақиқа давомида тақиқланган ҳудудда бўлган. Қирувчи самолётларда парвоз режаси бўлмаган, транспондерлар эса ўчириб қўйилган. Бундан ташқари, бу вақтда Эстония авиадиспетчерлик хизмати билан икки томонлама радиоалоқа йўқ эди.
Эстония қандай реакция қилди?
Бу сафар етарлича қатъий – Полшанинг янги намунаси бўйича. Эстония бош вазири Кристен Михал Таллин ҳам Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ НАТО иттифоқчилари билан маслаҳатлашишни сўраганини айтди. Бундан ташқари, Россия Федерациясининг Эстониядаги муваққат вакили Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ва унга норозилик нотаси топширилди. АҚШ президенти Доналд Трамп эса Россия самолётлари бостириб киришида НАТО учун таҳдидни кўряпсизми, деган саволга жавобан шундай деди: «Бу менга ёқмайди. Бундай бўлиши менга ёқмайди. Катта муаммолар бўлиши мумкин».
Мавзуга оид
10:33 / 20.12.2025
Зеленский Варшавада: Украина мустақиллиги Полша учун муҳим
10:44 / 19.12.2025
Болтон: Украина НАТОга киришга интилишдан воз кечмаслиги керак
23:10 / 18.12.2025
Эстония Россия ҳарбийлари чегарани бузганини маълум қилди
14:44 / 16.12.2025