Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Полшада украиналик йигит Россия разведкасига ёрдам беришда айбланди
Полша ҳокимияти 18 ёшли Украина фуқаросига Россия махсус хизматлари топшириғи билан диверсиялар уюштириш, миллатлараро адоватни қўзғатиш ва давлат хавфсизлигига қарши қаратилган бир қатор жиноятларни содир этганлик бўйича айблов эълон қилди. Агар айби исботланса, унга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Полша Ички хавфсизлик агентлиги (ABW) маълум қилишича, 14 июл куни Иля К. исмли 18 ёшли Украина фуқаросига расмий айблов эълон қилинган. Бу ҳақда агентлик 16 июл куни тарқатган баёнотида маълум қилди.
Тергов маълумотларига кўра, йиғилган далиллар айбланувчи 2024 йил ноябридан 2025 йил августигача бўлган даврда жами 47 та жиноятни содир этган бўлиши эҳтимоли юқори эканини кўрсатади.
Полша прокуратураси маълумотига кўра, мазкур жиноятлар қаторида ёдгорликларни таҳқирлаш ҳолатлари ҳам бор. Хусусан, Полшадаги Украина исёнчилар армияси (УИА) қурбонларига бағишланган ёдгорликларга «УИАга шараф» деган ёзувлар туширилгани ва қизил-қора байроқлар ўрнатилгани айтилмоқда.
ABW таъкидлашича, ушбу ҳаракатларнинг асосий мақсади Полша ва Украина халқлари ўртасида миллатлараро низо ва ишончсизликни кучайтириш бўлган.
Идоранинг билдиришича, тергов давомида ижрочилар мессенжерлар орқали ёллангани, уларга ҳақ криптовалюта орқали, Россия ва Хитойда рўйхатдан ўтган криптобиржалар ёрдамида тўлангани ҳақидаги схема ҳам аниқланган.
Айбловнинг яна бир бандига кўра, Иля К. 2025 йил 15 август куни Варшавада ўтказилиши режалаштирилган Полша Қуролли кучлари куни паради вақтида диверсия тайёрлаган. Терговчиларнинг фикрича, у парад чоғида мамлакат президенти Карол Навроцкий ҳаракатланиши режалаштирилган автомобил устида учувчисиз учиш аппарати (дрон)ни ҳавога кўтаришни режалаштирган.
Прокуратура маълум қилишича, гумонланувчи дрон турини танлаш, уни сотиб олиш харажатлари ва топшириқни бажариш тартибини муҳокама қилган. У парад ўтказилишидан уч кун олдин қўлга олинган.
Шу билан бирга, Полша Ички хавфсизлик агентлиги июн ойи охирида Россия томонидан молиялаштирилган акцияларга одам жалб қилганликда гумон қилиниб, тўққиз нафар Украина ва икки нафар Беларус фуқароси мамлакатдан депортация қилинганини ҳам эълон қилган эди.
Идора маълумотига кўра, улар Полшада яшовчи украиналик қочқинлар орасида турли норозилик акцияларини ташкил этиш учун иштирокчиларни ёллаган ва уларнинг қатнашуви учун ҳақ тўлаган.
Айни пайтда мазкур айбловлар Полша ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан илгари сурилган бўлиб, суд ҳали ушбу иш юзасидан якуний қарор чиқармаган.
Мавзуга оид
10:42
“Фақат смартфони йўқларга тааллуқли” — Ўзбекистон ТИВ Россиянинг мигрантларга янги талаби ҳақида
10:40
Россияда оғир аҳволда қолган ватандошлар Ўзбекистонга олиб келинди
08:46 / 16.07.2026
Россия Киевга ракета, Харкивга дронлар билан ҳужум қилди
22:07 / 15.07.2026