Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фаластин ва Украина инқирозлари ҳамда Афғонистонни ёлғизлатмаслик: Президент БМТ минбарида қандай ташаббусларни илгари сурди?
Ўзбекистон халқаро майдонда прагматизмга асосланган ташқи сиёсати билан ажралиб турибди. Мирзиёевнинг БМТ минбаридаги чиқишларида нафақат глобал муаммолар, балки минтақавий долзарб масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, ташкилотнинг ХКни ислоҳ қилиш, Фаластин ва Украина инқирози, Афғонистон масаласи, сув ресурслари танқислиги, миграция ҳамда экологик хавфлар юзасидан илгари сурилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг амалий ва конструктив ёндашувини яққол намоён этди.
“Геосиёсат”да соҳанинг етакчи мутахасислари мазкур мавзу хусусида сўз юритди.
Президент Мирзиёевнинг БМТ минбаридаги чиқишида қайси асосий йўналишлар илгари сурилди?
Шуҳрат Расул: Биринчи қисмда халқаро институтларнинг бугунги ҳолати ва уларнинг инқироз аломатлари ҳақида сўз борди. Гап фақат БМТ ҳақида эмас, балки унинг қошидаги турли комиссиялар, ташкилотлар ва бошқа гуманитар ҳамда минтақавий институтлар ҳақида ҳам кетмоқда. Аксарият қарорлар бажарилмай қолмоқда, кўплаб тузилмалар эса суст ишламоқда. Масалан, яшил энергетика бўйича муҳокамаларда ҳам йирик давлатлар позицияси кескин фарқланмоқда: АҚШ президенти Трамп бир ёқда, аксар давлатлар эса бошқа тарафда турибди. Бу вазият 2015 йилги Париж декларациясидан буён давом этаётган глобал келишмовчиликларни кўрсатади. Ўзбекистон раҳбари ана шу муаммога алоҳида эътибор қаратди.
Иккинчи йўналишда Марказий Осиё масалалари муҳокама қилинди. Аввало Афғонистон муаммоси алоҳида тилга олинди. Ўзбекистон раҳбаридан ташқари ҳеч бир давлат Афғонистон бўйича бундай фаол ташаббус кўрсатмаяпти. 2021 йилдан буён Афғонистон нисбатан барқарорлик намойиш этаётгани қайд этилди. Ўзбекистоннинг асосий стратегияси Афғонистонни иқтисодий ҳамкорлик орқали халқаро майдонга олиб чиқиш, кейинчалик эса ижтимоий ва гуманитар соҳаларда ҳам интеграциялашдир. Бу жараён минтақа учун, хусусан, Жанубий Осиё билан алоқаларни ривожлантириш нуқтайи назаридан ҳам ниҳоятда муҳим.
Шунингдек, экологик муаммолар, хусусан Орол денгизи масаласи ҳам кўтарилди. Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон турли ташаббуслар кўтариб келган бўлса-да, сўнгги йилларда айнан Ўзбекистон амалий қадамлар ташламоқда. Жумладан, 2030 йилгача чўллашаётган ҳудудларнинг 80 фоизини яшиллаштириш режалаштирилган. Агар бу амалга ошса, чанг ва туз муаммоси бутун минтақа миқёсида ҳал этилади.
Бундан ташқари, минтақада транспорт-коммуникация лойиҳаларини ривожлантириш ва логистика йўлларини кенгайтириш масаласи ҳам муҳим ўрин тутди. Ўзбекистон бу борада Марказий Осиёда мувофиқлаштирувчи давлат сифатида фаолият юритмоқда.
Нутқда қўшимча тарзда гуманитар муаммолар ҳам кўтарилди. Жумладан, болалар саратони касаллиги, таълим сифатини ошириш ва глобал миқёсда таълим стандартларини уйғунлаштириш масалалари таъкидланди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон ташаббускорлик қилаётган долзарб мавзулар сирасига киради.
Абдували Сойибназаров: Ўзбекистон раҳбари нафақат мамлакат ички иқтисодиёти ва глобал тизимларга қўшилиш масалаларига, балки минтақа учун энг долзарб муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, сув ресурсларини тежаш, Афғонистонни минтақавий интеграция лойиҳаларига жалб этиш масалалари ниҳоятда муҳим.
Бугунги кунда Тожикистон ва Қирғизистондаги абадий музликларнинг тез эриши Амударё ва Сирдарё ҳавзасида сув танқислигини кучайтириши мумкин. Халқаро экспертлар 2030–2040 йилларгача Марказий Осиёда сув танқислиги сабабли беш миллионгача қочоқлар пайдо бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон президентининг “Жаҳон сув форумини” ўтказиш ташаббуси, шунингдек, Афғонистон орқали ўтадиган энергетика ва транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича илгари сурган резолюцияси ўз вақтида қўйилган муҳим таклифдир. Бугунги глобал кун тартибида Яқин Шарқ ва Украина-Россия можароси асосий эътиборни тортиб, Афғонистон масаласи ортда қолаётгани хавотирли. Агар халқаро ҳамжамиятнинг эътибори сусайса, Афғонистон яна терроризм марказига айланиши мумкин. Шу боис Ўзбекистон раҳбари 2017 йилдан бери БМТ минбарида мунтазам равишда Афғонистон муаммосини кўтариб келмоқда. Сўнгги йилларда эса Афғонистон геосиёсий рақобат майдонига айланиб бормоқда: АҚШ, Россия ва Хитойнинг бу ҳудудга бўлган қизиқиши ортмоқда. Ҳатто АҚШ томонидан Багром авиабазасидан қайта фойдаланиш масаласи ҳам тилга олинган. Бу эса минтақада хавфсизликка таҳдид туғдириши мумкин.
Шундай шароитда Ўзбекистон президентининг Афғонистон орқали транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш ташаббуси алоҳида аҳамият касб этади. Бу лойиҳа минтақада иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Шавкат Икромов: Йиғилишда Ўзбекистон президенти Фаластин масаласи ва Украинадаги вазият юзасидан ҳам ўз фикрларини билдирди. Хусусан, Фаластин бўйича мамлакатимизнинг доимий позицияси яна бир бор таъкидланди: бу икки халқ учун икки давлат тамойилига содиқликдир. Ушбу ёндашув кўплаб араб-мусулмон мамлакатлари ҳамда халқаро ҳамжамият томонидан барқарорликка элтувчи ягона ечим сифатида қўллаб-қувватланади. 2023 йилдан буён Ўзбекистон Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатган кам сонли давлатлардан биридир. БМТ минбарида кўплаб раҳбарлар Ғазодаги вазиятни ёдга олиб, ёрдам зарурлигини таъкидлаган бўлсалар-да, Ўзбекистон реал ишлар билан ажралиб турди. Масалан, фаластинлик болалар мамлакатимизга олиб келиниб, тиббий ёрдам ва таълим олиш имкониятига эга бўлишди. Президентимизнинг минбардан билдирган фикрлари айнан шу амалий қадамлар билан асосланган эди.
Бошқа раҳбарларнинг чиқишлари, масалан, Туркия президенти Эрдўғаннинг нутқи эмоционал бўлса-да, кўп ҳолларда реал ҳаракатларга айланмаган. Туркиянинг катта имкониятларига қарамай, 2023 йилдан буён Исроилни тийиб туриш ёки Фаластин халқига бевосита ёрдам кўрсатишда етарли ташаббуслар кузатилмади. Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон раҳбарининг чиқиши нафақат сўз, балки амалий хатти-ҳаракатлар билан мустаҳкамлангани билан аҳамиятлидир.
Ойбек Сирожов: Президентимизнинг ушбу чиқиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари прагматизм ва амалий ёндашувни яққол намоён этди. Саммит доирасида илгари сурилган ташаббуслар бугунги глобал муаммолар контекстида долзарб ва асосли бўлиб, бошқа давлат раҳбарлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.
Хусусан, БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш таклифи муҳим аҳамият касб этди. Бундан ташқари, Марказий Осиё иқтисодий интеграциясини қўллаб-қувватловчи резолюция қабул қилинишини илгари суриш минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди. Шунингдек, терроризм оқибатидан азият чеккан халқлар учун реабилитация марказларини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси алоҳида эътироф этилди. Миграция глобал муаммо даражасига кўтарилган бир пайтда, унга ечим сифатида глобал пактни имзолаш ташаббуси ҳам илгари сурилди.
Давлатимиз раҳбари таълим соҳасида кейинги саккиз йил давомида эришилган ютуқларни аниқ рақамлар билан тилга олди. Бундан ташқари, саммит доирасида қатор муҳим учрашувлар бўлиб ўтди: АҚШ президенти Доналд Трамп, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Жанубий Корея президенти ҳамда кўплаб халқаро ташкилотлар ва ишбилармон доира вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Бу келгусида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига хизмат қилади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, Ўзбекистоннинг очиқлик, яхши қўшничилик ва муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган сиёсати тобора эътироф этилмоқда. Бу позиция нафақат минтақавий, балки етакчи давлатлар томонидан ҳам ҳурмат қилинмоқда.
Халқаро минбарда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар қаторида терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Тошкентда ташкил этиш, шунингдек, жаҳон ёшларининг тинчлик ҳаракатини таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш ғоялари ҳам муҳим ўрин тутди.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
14:25 / 03.12.2025
🔴 LIVE: Трампнинг элчиси яна Москвада, Путиндан қатор баёнотлар | "Геосиёсат"
13:59 / 02.12.2025
“Нетаняҳу учун қулай сиёсий фон яратиляпти” — Фарҳод Каримов
11:20 / 30.11.2025
“КХШТ мураккаб геосиёсий инқирозда” — Раббимов
15:50 / 28.11.2025