Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
НАТОдагилар чегараларини бузиб кираётган Россия самолётларини уриб тушириш бўйича якдил фикрда эмас
Tech. Sgt. Michael Battles / USAF / Scanpix / LETA
НАТО аъзолари иттифоқ мамлакатлари ҳаво чегараларини бузган Россия ҳарбий самолётларини уриб тушириш керакми ёки йўқлиги ҳақида якдил фикрга эга эмас. Бу масала сешанба куни Эстония ташаббуси билан чақирилган Шимолий Атлантика кенгашининг фавқулодда йиғилишида муҳокама қилинди, деб ёзади CNN.
Телеканал манбалари маълум қилишича, баъзи давлатлар, хусусан, Полша ва Эстония йиғилиш якунлари бўйича қўшма баёнотда Россия Федерацияси томонидан ҳаво ҳудудини бузиб кириш ҳолатларига куч билан жавоб қайтарилиши аниқ белгиланишини хоҳлаган. Шу билан бирга, Германия ва Жанубий Европа давлатлари бундай таъриф исталмаган эскалацияга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган.
Якунда муросали формулировка қабул қилинган. Баёнотнинг расмий матнида айтилишича, НАТО ва унинг иттифоқчилари халқаро ҳуқуққа мувофиқ «ўзини ҳимоя қилиш ва ҳар қандай йўналишдаги ҳар қандай таҳдидларни қайтариш учун барча зарур ҳарбий ва ноҳарбий воситалардан» фойдаланади. «Биз ўзимиз танлаган усулда, вақтда ва йўналишда жавоб беришда давом этамиз», – дейилади ҳужжатда.
Телеканал манбалари таъкидлашича, ушбу эпизод алянснинг Россия ҳаракатларига муносабат билдириш масаласида консенсусга эришиши қанчалик қийинлигини кўрсатади.
Сўнгги бир неча ҳафта ичида Россия дронлари ва самолётлари томонидан НАТО мамлакатлари ҳаво ҳудудини бузиш билан боғлиқ бир қатор ҳодисалар кузатилди. Хусусан, 10 сентябрга ўтар кечаси Полшага 20 дан ортиқ дрон учиб кирганди, уларни қарши олиш учун Полша ва иттифоқчиларнинг қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилди, бир неча дрон уриб туширилди. 13 сентябр куни эса Россия дрони Руминия ҳудудига учиб кирди, яна қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилди, бироқ бир неча дақиқадан сўнг дроннинг ўзи мамлакат ҳаво ҳудудини тарк этди.
19 сентябр куни Эстония Россиянинг учта қирувчи самолёти ҳаво ҳудудини бузиб ўтгани ва Эстония осмонида 12 дақиқа қолиб кетганини маълум қилди. Шу куни Полша Россиянинг иккита қирувчи самолёти Болтиқ денгизидаги бурғилаш платформаси устидан паст баландликда учиб ўтганини маълум қилди.
CNN’нинг НАТОдаги манбаси фикрича, Россия шу йўл билан алянс мудофаасидаги заиф нуқталарни ўрганмоқда, шунингдек, ташкилот ўз аъзоларини ҳимоя қилиш учун нима қила олишини текширмоқда.
Мавзуга оид
09:00
НАТО Шимолий Европа мудофааси бўйича штабни АҚШга кўчиради
15:40 / 04.12.2025
НАТО давлатлари Киев учун 4 млрд долларлик қурол сотиб олади
14:31 / 03.12.2025
Марказий Европа аграр ҳабида ўзбек мева-сабзавотлари премиум сегментга чиқмоқда
11:20 / 03.12.2025