Жаҳон | 21:16 / 25.09.2025
11191
4 дақиқада ўқилади

Россияда яна солиқлар оширилмоқда, Путин 2030 йилгача бундай қилмасликка ваъда берганди

Молия вазирлиги очиқчасига тан олади: уруш учун пул керак.

Фото: Михаил Синицин / ТАСС / ZUMA Press / Scanpix / LETA

Россияда 2026 йилдан қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкаси амалдаги 20 фоиздан 22 фоизга оширилади. Молия вазирлиги бюджет пакети доирасида Солиқ кодексига тегишли ўзгартиришлар киритди.

Молия вазирлиги амалда солиқларни оширишдан мақсад – уруш олиб бориш эканини очиқ билдирди: идора бу ўзгаришдан келадиган маблағлар биринчи навбатда «мудофаа ва хавфсизликни молиялаштириш» учун йўналтирилишини таъкидлаган.

Ўз навбатида, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган маҳсулотлар (озиқ-овқат, дори-дармон, болалар учун маҳсулотлар, босма нашрлар ва китоблар) учун белгиланган 10 фоизлик имтиёзли ҚҚС ставкаси аввалги миқдорда сақлаб қолинади.

Бундан ташқари, Молия вазирлиги соддалаштирилган солиқ солиш тизими бўйича ишлайдиган ва ҚҚС тўлаши шарт бўлган солиқ тўловчиларнинг даромад чегарасини кескин пасайтиришни таклиф қилди – 60 миллион рублдан 10 миллион рублгача. Шунингдек, букмекерлик идоралари учун қабул қилинган ставкаларнинг 5 фоизи миқдорида қимор бизнеси солиғини ҳамда 25 фоиз миқдорида фойда солиғини жорий этиш режалаштирилган.

Солиқларнинг янги оширилиши Россия раҳбариятининг бундай бўлмаслиги ҳақидаги бир неча бор берган ваъдаларига зид равишда режалаштирилган. 2025 йил июн ойида молия вазири Антон Силуанов бюджет ижроси билан боғлиқ вазият «мураккаб» бўлишига қарамай, расмийлар солиқ қонунчилигини ўзгартириш режаларини кўтармаётганини таъкидлаган эди.

Ихтисослашган нашрларнинг манбалари бир неча ҳафта олдин солиқлар яна оширилиши аниқ эканини айтишганди. «Йўқса, мудофаа харажатлари камайтирилган тақдирда ҳам кунимиз ўтмаяпти. Нефт ва газ даромадлари пасаймоқда, иқтисодиёт эса буларнинг барчасини тўлиқ қоплашга имкон бермаяпти», – деганди Reuters манбаси август ойи охирида. Сентябр ойи ўрталарида The Bell манбалари «солиқлар аниқ кўтарилиши» ва асосий вариант сифатида айнан ҚҚСни 20 фоиздан 22 фоизга ошириш кўриб чиқилаётганини маълум қилганди.

ҚҚС – федерал бюджет учун асосий солиқ ҳисобланади. Охирги марта унинг ставкаси 2019 йилда кўтарилган – унда ҳам икки фоизга, 18 фоиздан 20 фоизга. 2024 йилда ҚҚС федерал бюджетга жами тушумларнинг учдан бир қисмидан ортиғини (13,5 трлн рубл ёки 37 фоиз) таъминлаган. The Bell ҳисоб-китобларига кўра, ҚҚСнинг янги оширилиши бюджетга йилига тахминан бир триллион рубл ёки ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 0,5 фоизи миқдорида қўшимча тушум олиб келиши мумкин.

The Moscow Times билан суҳбатлашган иқтисодчиларнинг огоҳлантиришича, ҚҚСнинг оширилиши инфляцияни янада тезлаштириши, шунингдек, Марказий банк асосий ставкасининг пасайишини секинлаштириши мумкин, бу эса ўз навбатида Россия иқтисодиётини янада секинлаштиради.

ҚҚС ставкасининг ўзгариши кенг кўламли Россия-Украина уруши бошланганидан бери солиқларнинг иккинчи оширилиши бўлади. 2025 йил январ ойидан бошлаб Россияда фойда солиғи 20 фоиздан 25 фоизга, даромад солиғининг максимал ставкаси эса 15 фоиздан 22 фоизга оширилганди. Ўшанда ҳам Молия вазирлиги солиқларни ошириш режалаштирилмаётганига ишонтирганди.

Россия президенти Владимир Путин 2024 йил феврал ойида Федерал Мажлисга йўллаган мурожаатида солиқлар ошишини, лекин фақат бир марта ошишини маълум қилганди. У юқори даромадли одамлар учун йиғимларни ошириш орқали солиқ тизимини «модернизация қилиш»ни, кейин эса «2030 йилгача асосий солиқ параметрларини белгилаш»ни таклиф қилганди. Шу билан бирга, ҚҚСнинг ошиши даромад даражасидан қатъи назар, барчага таъсир қилади: бу ҳар бир маҳсулот нархига киритилган истеъмол солиғидир.

Журналист Фарида Рустамова таъкидлаганидек, «аслида бу [солиқларни оширмаслик] Путиннинг бешинчи муддатга қайта сайланишидан олдинги сайловолди ваъдаларидан бири эди». 2024 йил сентябр ойида Путин бюджетни янада тўлдиришни солиқларни ошириш ҳисобига эмас, балки ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш орқали таъминлаш кераклигини айтган эди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид