Жаҳон | 23:43 / 25.09.2025
5133
3 дақиқада ўқилади

Европа НАТО давлатлари ҳаво ҳудудини бузган Россия самолётлари уриб туширилиши ҳақида огоҳлантирди

Бу ҳақда европалик дипломатлар Россия томонини огоҳлантирди.

Фото: Wikimedia

Буюк Британия, Германия ва Франция дипломатлари Москвадаги музокаралар чоғида Россия расмийларини НАТО мамлакатлари ҳаво ҳудудининг бузилишига жавобан куч ишлатишга, жумладан, Россия самолётларини уриб туширишга тайёрлиги ҳақида огоҳлантирди, деб хабар берди Bloomberg агентлиги 25 сентябр куни манбаларга таяниб.

Агентликнинг ёзишича, «кескин ўтган учрашув» давомида европалик дипломатлар Россиянинг МиГ-31 қирувчи самолётлари Эстония ҳаво ҳудудига кирганидан хавотир билдирган. Учрашув якунлари бўйича дипломатлар чегарани бузишга Россия қўмондонлиги рухсат берган деган хулосага келган.

Манбаларга кўра, музокаралар чоғида россиялик амалдорлардан бири ҳаво ҳудудининг бузилиши Украинанинг аннексия қилинган Қримга ҳужум қилаётганига реакция бўлганини айтган. Кремл НАТО қўллаб-қувватлашисиз бундай операцияларни амалга ошириб бўлмаслигини айтди, шунинг учун Россия ўзини аллақачон Европа давлатлари билан қарама-қаршилик ҳолатида деб ҳисоблайди, деб ёзди Bloomberg.

Германия ҳукумати шу ҳафта Москвада бўлиб ўтган учрашувда европалик дипломатлар Россия томонига босқинчиликни тўхтатиш кераклигини айтганини тасдиқлади. ГФР канцлери Фридрих Мерц 25 сентябр куни Париж, Лондон ва Варшава билан ўз ҳаракатларини мувофиқлаштираётганини ва «барча зарур чораларни» қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

«Агар НАТО ўз ҳаво ҳудудини бузиш баҳонасида Россия самолётини уриб туширса, бу уруш бўлади», деди Россиянинг Франциядаги элчиси Алексей Мешков 25 сентябр куни Франциянинг RTL радиостанцияси эфирида.

НАТО мамлакатлари 1949 йилдан бери Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасини атиги тўққиз марта қўллаган, у алянс мамлакатларидан бирига таҳдид юзага келган тақдирда маслаҳатлашувлар ўтказишни назарда тутади. Сўнгги икки марта сентябр ойида Россия дронлари Полшага учиб кирган, кейин эса Россия қирувчи самолётлари Эстония ҳаво ҳудудига кирган пайтда.

Россия ҳукумати Россия Қуролли кучлари самолётлари Эстония ҳаво ҳудудига кирганини рад этмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги Полшага учиб кирган дронлар Полша ҳудудидаги объектларга зарба беришни режалаштирмаганини айтди.

АҚШ президенти Доналд Трамп аввалроқ НАТО етакчиларини, жумладан, ҳаво ҳудуди бузилган тақдирда Россия самолётларини уриб туширишга қатъий чақирган Полша бош вазири Доналд Тускни қўллаб-қувватлаган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид