Жаҳон | 10:45
782
3 дақиқада ўқилади

Россияда ҳарбий хизмат учун маҳкумлар доирасини кенгайтириш таклиф этилди

Россия ҳукумати Давлат думасига жиноят ишлари бўйича айбланаётган ва маҳкум этилган яна бир қатор шахсларга Мудофаа вазирлиги билан ҳарбий хизмат тўғрисида шартнома тузиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритди. Таклиф сафарбарлик, ҳарбий ҳолат ва уруш даврида амал қилиши кўзда тутилган.

Фото: Thomas Uhlemann/dpa/picture alliance

Россия ҳукумати Давлат думасига Жиноят кодексининг яна бир қатор моддалари бўйича айбланаётган ёки жазо ўтаётган шахсларга Мудофаа вазирлиги билан шартнома асосида ҳарбий хизматга кириш имконини берувчи қонун лойиҳасини тақдим этди. Ҳужжат парламент қуйи палатаси сайтида эълон қилинган.

Қонун лойиҳасига кўра, сафарбарлик, ҳарбий ҳолат ёки уруш вақтида бир қатор оғир жиноятларда айбланаётган ёки судланган шахслар ҳам ҳарбий хизмат тўғрисида шартнома тузиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.

Жумладан, мазкур ҳуқуқни бандитизм, жиноий уюшма фаолиятида иштирок этиш, наркотик моддалар контрабандаси (уюшган жиноий гуруҳ томонидан содир этилган ҳолатлар бундан мустасно), ноқонуний миграцияни ташкил этиш, ядровий ва радиоактив материалларни ноқонуний сақлаш ёки сотиб олиш, ушбу материалларни талон-торож қилиш ёки товламачилик йўли билан қўлга киритиш, нақд пул контрабандаси ҳамда давлат сирини ўз ичига олган ҳужжатларни йўқотиш каби жиноятлар бўйича айбланаётган шахсларга ҳам бериш таклиф этилмоқда.

Ҳукуматнинг тушунтириш хатида мазкур ташаббусни амалга ошириш учун «Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги федерал қонуннинг 34-моддаси ҳамда Россия Жиноят кодексининг 78-моддасига ўзгартиш киритиш зарурлиги қайд этилган.

Ҳужжат муаллифларининг таъкидлашича, қонун қабул қилиниши давлат дастурлари ижросига ёки мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига салбий таъсир кўрсатмайди.

Сўнгги ойларда Россия ҳукумати контракт асосида хизмат қилувчилар сонини кўпайтириш учун турли чораларни амалга оширмоқда. Май ойи охирида президент Владимир Путин янги контрактчиларнинг қарзларини ҳисобдан чиқаришга оид қонун амал қилиш муддатини узайтирган эди.

Шунингдек, Россия фуқароларини Украинадаги урушга жалб қилиш учун Беларус ва Хитой ҳудудларида «махсус ҳарбий операция ортидаги ишлар» ҳақидаги бўш иш ўринлари орқали тарғибот олиб борилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Пенза вилоятида эса маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, ҳарбий комиссариатлар эркакларни оммавий текширувдан ўтказиб, уларни Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга ундаган.

Бундан ташқари, Россия Олий иқтисодиёт мактаби ҳарбий хизмат бўйича шартнома имзолаган абитуриентларни ўз ҳисобидан ўқитишини маълум қилган. Рус тилидаги қатор нашрлар эса мамлакатда янги сафарбарлик бўлиши эҳтимоли ҳақида ёзмоқда.

Россияда 2022 йил сентябрида эълон қилинган қисман сафарбарлик расман бекор қилинмаган. Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков аввалроқ президентнинг тегишли фармони ҳозирга қадар амалда эканини, у Қуролли кучлар фаолияти билан боғлиқ бошқа вазифаларни ҳам тартибга солишини билдирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид