Технология | 21:22 / 04.10.2025
5967
2 дақиқада ўқилади

Олимлар 40 минг йилдан бери абадий музликда бўлган микробларни уйғотди

Сув қўшиб, 4-12°C гача бўлган ҳароратда инкубация қилингандан сўнг, микроблар аста-секин жонланиб, тўлиқ колониялар ҳосил қила бошлади.

Фото: Elena Herzog/Leibniz-HKI

Колорадо университети (АҚШ) олимлари узоқ вақт давомида абадий музликда бўлган микробларни «уйғотишга» муваффақ бўлди. Намуналар Аляскадаги 100 метрдан ортиқ чуқурликка чўзилган тадқиқот туннелидан олинган. Унинг деворларида ҳали ҳам қадимги бизонлар ва мамонтларнинг қолдиқларини кўриш мумкин.

Ғорга киришда эътиборни тортадиган биринчи нарса - ёқимсиз ҳид. Микробиолог учун бу айниқса қизиқарли, чунки бундай ҳидлар кўпинча микроорганизмларнинг фаолияти билан боғлиқ.

Олимлар туннелда баъзиларининг ёши тахминан 40 минг йил бўлган намуналарни тўплади. Сув қўшиб, 4-12°C гача бўлган ҳароратда инкубация қилингандан сўнг, микроблар аста-секин жонланиб, тўлиқ колониялар ҳосил қила бошлади.

Улар ҳали ҳам органик моддаларни парчалаб, карбонат ангидрид кўринишида чиқариши мумкин бўлган барқарор ҳаётни қўллаб-қувватлашга қодир.

Маълум бўлишича, муздан олинган микроблар дарҳол уйғонмайди - уларнинг фаоллигини тиклаш учун бир неча ой керак бўлади. Қадимги организмларнинг бундай юқори ҳаётчанлиги иқлимшуносларни хавотирга солмоқда, чунки абадий музликларнинг эриши иссиқхона газларининг ажралиб чиқишига олиб келиши мумкин, бу эса иқлим ўзгаришини кучайтиради.

Абадий музлоқ тупроқ, муз ва тоғ жинсларининг музлаган аралашмаси бўлиб, шимолий яримшарда қуруқликнинг деярли тўртдан бир қисмини эгаллайди. Бундай қатлам ўзига хос вақт капсуласи бўлиб хизмат қилади - унда қадимги ҳайвонлар, ўсимликлар қолдиқлари, шунингдек, кўплаб бактериялар ва микроорганизмлар сақланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид