Жаҳон | 12:56 / 23.09.2025
2893
2 дақиқада ўқилади

Арктикадаги денгиз музининг майдони йиллик минимумга етди

2025 йил ёзининг охирига келиб Шимолий ярим шарда Арктикадаги денгиз музлари даражаси сезиларли даражада камайди.

Фото: NASA

NASA ва АҚШ Миллий қор ва муз маълумотлар маркази (NSIDC)га кўра, денгиз музларининг умумий ҳажми 4,6 миллион квадрат километрни ташкил этди, бу 2008 йилги кўрсаткич билан тенг ҳамда кузатувлар тарихида энг паст 10-ўринни эгаллади.

Олимлар океанни квадратлар тармоғига бўлиш ва муз квадрат майдонининг камида 15 фоизини эгаллаганини йиғиш орқали денгиз музининг даражасини ҳисоблайди.

Океаннинг қутблардаги муз майдонлари мавсумий равишда ўзгариб туради: муз совуқ мавсумда, денгиз суви музлаганда тўпланади ва иссиқ мавсумда эрийди. Музнинг қутбларда тўлиқ йўқолиши содир бўлмайди. Шимолий Муз океанида муз миқдори одатда сентябр ойида минимал даражага етади. NASA ҳамда Миллий океан ва атмосфера тадқиқотлари бошқармаси (NOAA) олимлари 1978 йилда қутб музларини кузатишни бошлаганидан бери, глобал исиш фонида Арктикадаги денгиз музлари даражаси камайди.

«Бу йил Арктикадаги денгиз музлари даражаси янги рекорд минимумни ўрнатмаган бўлса-да, бу умумий пасайиш тенденциясига мос келади», деди NASA'нинг Годдард номидаги Космик марказидаги Криосфера тадқиқот лабораторияси раҳбари Натан Кертц. Арктикадаги энг кичик музлик даражаси 2012 йилда қайд этилган. Мутахассислар буни атмосфера исиши ва аномал об-ҳаво шароити билан боғламоқда. Бу йилги музнинг йиллик йўқолиши дастлаб 2012 йилдаги ўзгаришларга ўхшади. Август ойи бошида эриш секинлашганига қарамай, бу умумий пасайиш тенденциясини тўхтатиш учун етарли эмас.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид