2023 йил 7 октябр куни Ҳамас гуруҳи ўз шафқатсизлиги билан дунёни шокка солган бўлса, Исроил бундан ўн карра даҳшатлироқ ноинсоний ҳаракатлари билан 2 йилдирки Ғазодаги қирғинни давом эттирмоқда.

Ҳамаснинг ўша кунги ҳужумида гуруҳ аъзолари Исроилга ракета зарбалари йўллаш билан бирга, Ғазо секторига яқин жойлашган бир нечта яҳудий манзилгоҳларига кириб бориб, 1200 дан ортиқ кишини, хусусан 800 дан ортиқ тинч аҳоли вакилларини ўлдирди ва 250 дан ортиқ кишини асир олди.

Ҳалига қадар бу ҳужум борасида кўп чайқовчиликлар бор. Кўплаб экспертлар “бундай кўламдаги операцияни Исроил олдиндан билмаган бўлиши мумкин эмас” дейди.

Бу ҳужумга жавобан Исроил Ғазо секторида Ҳамасга қарши мисли кўрилмаган уруш бошлади. Мана, орадан икки йил ўтдики, бу уруш ҳали ҳам давом этяпти.

Уруш бошланганидан кейин тахминан ярим йил давомида, ҳатто минтақадаги қўшни давлатлар ҳам Исроилни қаттиқ танқид қилмади, “ҳа, Исроил ўзини ҳимоя қилмоқда...” деган норасмий позицияда бўлишди.

Бироқ, вақт ўтиши билан, Исроилнинг бу урушидан мақсади кенгроқ экани маълум бўлди. Исроил Ҳамасни йўқ қилишдан ташқари, бутун бир Ғазони аннексия қилиш, ғазоликларни оммавий йўқ қилиш, сиқиб чиқариш, геноцид қилиш каби мақсадни кўзлагани маълум бўлди.

Урушнинг биринчи йилида Исроил Ҳамас бошлиқларини йўқ қилди, жумладан, Эронга борган Ҳамас раҳбарлари ҳам йўқ қилинди. Шунингдек, Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ташкилотининг кўплаб бошлиқлари ҳам йўқ қилинди. Сурияда ҳокимият алмашиш палласида ушбу давлатга тегишли Жўлан тепаликларига қўшимча равишда яна айрим ерлари ҳам босиб олинди. Исроил АҚШнинг ёрдамида Эронга ҳам 12 кунлик уруш очди.

Исроил кейинги икки йил давомида деярли барча қўшни давлатлар билан муносабатларини батамом ёмонлаштирди. Ҳатто бир вақтлар Исроилни тан олган Миср ва Иордания ҳам бугун Исроилнинг келажакдаги режаларидан жиддий қўрқади. Исроил минтақада аҳоли сонига ва ҳудудга кўра энг кичик давлат, бироқ унинг ортида дунёдаги энг катта иқтисодий ва ҳарбий машина – АҚШ туриши минтақани хавотирга солади.

7 октябрдан олдин минтақадаги кўплаб давлатлар “Иброҳим келишувлари” форматида Исроилни тан олиш ва минтақада ҳақиқий тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш йўлидан кетаётган эди. Бироқ, кейинги икки йил ичида Исроил ўзининг ҳақиқий амбицияларини очиқлади: Фаластин ҳеч қачон бўлмайди, Фаластин ерлари тўлиқ оккупация қилинади, фаластинликлар бошқа давлатларга бадарға қилинади ва келажакда “Катта Исроил” давлати ташкил қилинади.