Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Болтиқбўйи давлатлари Россия ҳужум қилган тақдирда эвакуация режасини тайёрламоқда
Режа тафсилотлари ҳозирча сир сақланмоқда, у май ойида Эстония, Латвия ва Литва фуқаролик мудофааси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаганидан кейин фаоллашган.
Фото: Reuters
Эстония, Латвия ва Литва Россия ҳужум қилган тақдирда аҳолини эвакуация қилиш режасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Reuters ҳукумат вакилларига таяниб хабар берди.
«Бу жамиятимиз учун биз тайёр эканлигимиз ва режалар тузаётганимиз ҳақидаги жуда умидли сигналдир», деди Литва ТИВ раҳбари Кястутис Будрис агентликка.
Режа тафсилотлари ҳозирча сир сақланмоқда, деб таъкидлади агентлик суҳбатдошлари. Режалаштириш май ойида Эстония, Латвия ва Литва фуқаролик мудофааси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаганидан кейин фаоллашган.
Литва ўт ўчириш хизмати вакилининг сўзларига кўра, аллақачон йиғилиш пунктлари танланган, жумладан, Вилнюсда, эвакуация учун поездлар ва автобуслар белгиланган, омборларда захиралар яратилган. Машинада эвакуация қилинадиганларни иккинчи даражали йўлларга юбориб, асосийларни армияга бўшатиш режалаштирилмоқда. Аҳоли учун бошпана топиш мумкин бўлган шаҳарлар кўрсатилган харита аллақачон тайёрланган.
Литвада одамларни мактаблар, университетлар, черковлар ва Каунас шаҳридаги аренага жойлаштириш режалаштирилган. Бундай чора-тадбирлар бошқа шаҳарларда ҳам тайёрланмоқда. Шу билан бирга, уч давлатдан ҳеч бири ҳозирча одамларни чегаралардан ташқарига кўчиришни режалаштирмаяпти.
2022 йилда Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери Болтиқбўйи Россия томонидан юзага келиши мумкин бўлган таҳдидлар, жумладан, киберҳужумлар, дезинформация кампаниялари ва дронлар ҳужумларидан хавотирни кучайтирди.
Россиянинг НАТОга аъзо давлатларга ҳужум қилиш режаси йўқлиги ҳақидаги баёнотига қарамай, қирғоқбўйи республикалари фаол ҳаракат қилишни афзал кўрмоқда. Ушбу режалар Болтиқбўйи ҳукуматларининг эҳтимолий кескинлашув сценарийлари ҳақидаги тахминларининг жиддийлигини акс эттиради.
Улар шуни кўрсатадики, ҳатто НАТОга аъзо давлатлар ҳам иттифоқчиларнинг ҳимоясига таянмасдан, юзага келиши мумкин бўлган инқирозларга фаол тайёргарлик кўрмоқда.