Иқтисодиёт | 11:55
1234
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга пул ўтказмаларида Россиянинг улуши пасайишда давом этмоқда

Жорий йил I чорагида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос давридан 13 фоизга ошиб, 3,8 млрд долларни ташкил этди. Умумий ўтказмалар таркибида Россиядан жўнатилган маблағлар улуши бир йил олдингидан 5,2 фоиз пунктга пасайиб, 72,4 фоизга тушди. Мазкур даврда Россияда патент асосида ишлаган ўзбекистонликлар сони 1,34 млн нафар бўлиб, бу кўрсаткич йиллик нисбатда 1,8 фоизга камайган.

Фото: Getty Images

2026 йилнинг I чорагида хорижга чиққан Ўзбекистон фуқаролари сони 1,63 млн нафарни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,6 фоизга ошди. Бу ҳақда Марказий банкнинг меҳнат бозори шарҳида сўз боради.

Қайд этилишича, мазкур даврда ҳаво транспортида ташилган йўловчилар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга ошиб, 2,25 млн нафарни ташкил этган.

Россия давлат статистикаси федерал хизматига кўра, 2026 йил I чорагида Россияда патент асосида меҳнат фаолиятини амалга оширган Ўзбекистон фуқаролари сони 1,34 млн нафарни ташкил қилди. Бу – ўтган чоракка нисбатан 8,8 фоизга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 1,8 фоизга кам. Мазкур камайиш мавсумий омиллар ҳамда ташқи меҳнат бозори шароитларидаги ўзгаришлар билан изоҳланиши мумкин.

Марказий банкнинг қайд этишича, меҳнат миграцияси йўналишларини диверсификация қилиш жараёни давом этмоқда.

Хусусан, Туркияда миграция рухсатномасини олаётган ўзбекистонликлар сони ошиб бормоқда. Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграцияни бошқариш органи маълумотларига кўра, I чоракда бундай рухсатномалар сони қарийб 70 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоизга ошган.

Жанубий Кореяда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари сони ҳам I чоракда барқарор ўсишни давом эттириб, 99,6 минг нафарга етди.

Пул ўтказмалари

2026 йил I чорагида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 3,8 млрд АҚШ долларини ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ошди.

Пул ўтказмалари таркибида ҳам мамлакатлар кесимида диверсификация давом этмоқда. Бироқ, ушбу жараённинг суръати ва давомийлиги ташқи меҳнат бозорлари ҳамда асосий ҳамкор давлатлардаги макроиқтисодий шароитларга боғлиқ бўлиб қолади.

Хусусан, 2026 йил I чорагида Россиядан келиб тушган пул ўтказмаларининг улуши ўтган йилнинг мос давридаги 77,6 фоиздан 72,4 фоизгача пасайди. Бу, асосан, йил бошидан патент тўловларининг ошиши, рубл курсининг нисбатан март ойида қадрсизланиши, ҳамда меҳнат миграцияси йўналишларининг кенгайиши билан изоҳланади.

Шу билан бирга, умумий пул ўтказмаларда Қозоғистоннинг улуши 1 фоиз бандга ошиб 4,1 фоизни, Европа давлатларининг улуши 1 фоиз бандга ошиб 3,3 фоизни, Жанубий Кореяни улуши 0,6 фоиз бандга ошиб 4,1 фоизни ташкил этди.

Бошқа давлатлар улуши эса 2,6 фоиз бандга ошиб, 16,2 фоизга етди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид