Ўзбекистон | 19:00 / 11.10.2025
6203
6 дақиқада ўқилади

Сирдарёдан “Ювентус”гача бўлган йўл - ўзбекистонлик ёшлар рақамли дунёда

Ўзбекистонда IT соҳаси энди фақат пойтахт аҳли учун эмас. Сирдарёда мактаб ўқувчиси дастур тузиб компания очган, Фарғонада жисмоний имконияти чекланган йигит 3D маҳсулотларини онлайн сотишни йўлга қўйган, Хоразмдаги ўқувчи эса “Ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси орқали ота-онасини ватанига қайтаришни орзу қилмоқда. Улар IT орқали нафақат даромад топиш, балки орзуларини амалга ошириш мумкинлигини исботламоқда.

Ўзбекистондан туриб “Ювентус” футбол клубига дастур яратиб берган йигит, жисмоний имкониятлари чекланган бўлишига қарамай, маҳсулотларини онлайн савдо платформаларида сотишни йўлга қўйган Муҳаммадумар, мактаб давридаёқ веб-сайтлар ясаб даромад топган тадбиркор ва мигрант ота-она фарзандининг ҳикоялари. Уларни нима бирлаштириши ҳақида мақолада ўқинг.

Муродхўжа Муратов, Сирдарё:

“Бир кун мижоз веб-сайт буюртма қилди. Телефонда қилардим – уйдагилар ҳали билишмасди нима билан шуғулланишимни, лекин веб-сайт бўлгани учун телефонда қилишнинг иложи йўқ эди. Ҳали мактабда ўқийман, паспортим йўқ. Шунда онамдан илтимос қилдим паспортларига пул чиқаришимни ва уни ечиб олишни сўрадим. Шунда онам “бор, телефонингни ўйнагин”, деб ҳайдаб юборди. Тушунтиришга ҳаракат қилдим, бир нечта уринишларимдан кейин “нотўғри йўлларга кириб қолгансан, хавфли одамлардан пул оляпсан” деган тушунча билан телефонимни олиб қўйди. Охири банкка бордик, ростдан пул келган. Бу пул қаердан келганини кўрсатиб беришимни сўради. Шундан кейин йўллар очилиб кетди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистондаги UIC GROUP компаниясини бошқараман. IT’га қизиқишим мактабдан бошланган. Сайтлар қандай ясалишига қизиққанман. 2010 йилларда қўлимга интернетга кириш имконияти бўлган телефон тушиб қолди ва қизиқиб кетдим.

IT марказлар фақат Тошкентда бор деб ўйлардим. Сирдарёга келганимда буни тасаввур ҳам қилмагандим. Энг биринчи дастурчи бўлиб кирганман, ўша сайтни ишлаб чиқиш учун. Ҳозир у марказ ёпилиб кетди. Шундан кейин шогирдларим билан Сирдарёда ҳам IT ўргатадиган марказ бўлишини орзу қилардик. Ҳозир вилоятда IT шаҳарча қурилган, IT йўналишларни ўқитишяпти. Илгари бунақа имконият бўлмасди”.

Муҳаммадумар Иброҳимов, Фарғона:

“2 йил аввал рақамли технологиялар марказида IT йўналиши ҳақида ўтказилган тадбирда бунга қизиқиб қолдим ва шу касбни ўрганмоқчи эканимни ота-онамга билдирдим. Улар менинг соғлигимдан хавотирланиб, молиявий имкониятимиз йўқлигини айтишди. Шунда бир кун маҳалладаги ижтимоий ходим оилавий аҳволимиз билан танишгани келди. Онам менинг IT’га қизиқишимни, аммо моддий имконимиз йўқлигини айтди. У бизни Рақамли технологиялар марказига олиб борди. Марказ раҳбари эса барча ўқиш харажатларим марказ томонидан қопланишини айтиб ўқишда олиб қолди. 3 ой компютер саводхонлигини ўргандим ва 3 ой 3D MAX дастурини ўргандим. Кейин уйимизга Wi-Fi ўрнатиб, компютер беришди.

Дастур орқали маҳсулотлар дизайнини ясаб, уни 3D кўринишида сайтга жойлайман. Модел жойлангандан кейин платформа админлари текшириб рухсат беришгандан кейин сотувга чиқарилади.

Мен учун имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Одам нимагадир чин дилдан интилса, албатта, эришади. Мен орзумдаги ҳаётда яшаш учун IT соҳасини танладим”.

Ўзбекистон 2030 йилгача 300 минг нафар ёшни IT соҳасида банд қилиш ва 5 миллиард долларлик IT хизматлари экспортига эришишни мақсад қилган. Бу йўналишда “Ал-Хоразмий ворислари” ва “IT-шаҳарча” лойиҳалари орқали 10 мингга яқин ёшлар IT ва хорижий тилларни давлат ҳисобидан бепул ўқимоқда.

Ортиқбой Ортиқов, Хоразм:

“10-синф ўқувчисиман, 1 йилдан бери “Ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасида иштирок этяпман. Ҳозирда бувимнинг қарамоғидаман.

IT соҳасига қизиқиб юрардим. Кейин устозимдан “Ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси ҳақида эшитиб ўзимни синаб кўргим келди ва ҳужжат топширдим. Бу лойиҳа IT ва инглиз тилини бепул ўргатиб беради. Бошида қийналдим, ўрганишни бошлаганимда ёнимда устозларим бор эди. Улар ёрдам беришди.

Ҳозирда ота-онам Россияда. Мен даромад топа бошлаганимдан кейин уларни шу ерга олиб келаман. Чунки мен уларни, оила жамулжам бўлиб, бир дастурхонда овқатланишни соғинаман. Келажакда фарзандларимнинг ёнида бир оила бўлиб яшашни истайман”.

Акбар Абдураҳмонов, Тошкент:

“Тахминан 5 йилдан бери IT соҳасидаман. Бошида лойиҳа менежери бўлиб бошлаганман, кейинчалик бизнес-таҳлилчи йўналишига ўтганман. 4 йилдан ортиқ тажрибага эгаман. Ҳозир халқаро компанияда бизнес-таҳлилчиман.

Ўзим футбол фанатиман. “Ювентус” футбол клубининг болалар академиясига дастур қилиб берганмиз ва академия президенти билан гаплашганман. Топ-50 таликка кирадиган Мичиган университети раҳбарлари билан лойиҳалар устида бирга ишлаганмиз ва улардан кўп нарса ўрганганман. Ўзбекистонда туриб Америкада турган одамдан ҳам кўпроқ имкониятларга эга бўляпман деб ўйлайман.

Эсимда, 6 йил сиқилиб юрардим, чунки кўп нарса билардим. Лекин 10 фоизиниям амалга ошира олмасдим. IT соҳасига кирганимдан кейин 100 фоиз бўлмаса ҳам, жуда катта потенциалимни юзага чиқара олдим.

Биз асосан Европа давлатлари билан ишлаймиз: Германия, Буюк Британия ёки АҚШ каби. Табиийки, улар бизни билишмайди, Ўзбекистон дейишса кўпчилиги танимайди. Ўшанда уларга ўз мутахассислигимизни амалда исботлаб берамиз”.

Энди IT соҳасида ҳам IELTS’га ўхшаган профессионал сертификат олиш мумкин. Бу сертификат учун сарфланган харажатларни ҳам давлат қоплаб беради.

Хоҳ Сирдарёда, хоҳ Хоразм ёки Фарғонада бўлсин — бу ёшлар учун IT фақат технология эмас. Бу орзуларни амалга ошириш, оиласи билан бирга бўлиш ва энг муҳими, Ўзбекистонда туриб жаҳон бозорида ўз ўрнини топиш имкониятидир.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид