Жоэл Мокир, Филипп Агон ва Питер Хауит 2025 йилги иқтисодиёт бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлишди. Улар технологик янгиликлар, “бунёдкор бузғунчилик” (creative destruction) ва илмий тараққиёт доимий иқтисодий ўсишни қандай таъминлаши мумкинлигини илмий асослаб беришган.
Технология тез суръатларда ривожланади: янги маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш усуллари эски тизимларнинг ўрнини эгаллайди. Бу инсониятга яхшироқ турмуш даражаси, соғлиқ ва ҳаёт сифатини олиб келади.
Аммо тарихнинг катта қисмда бундай бўлмаган – ўсиш эмас, турғунлик ҳукм сурган. Янги кашфиётлар бўлиб турган бўлса-да, уларнинг таъсири вақт ўтиши билан йўқолиб кетган.
Инновациялар учун фундамент керак
Бу йилги мукофотнинг умумий суммаси – 11 миллион швед кронаси (тахминан 1,2 миллион АҚШ доллари). Унинг ярми Жоэл Мокирга, қолган ярми эса Филипп Агон ва Питер Хауитга берилади.
Мокир тарихий манбалар орқали нима сабабдан саноат инқилобидан кейин ўсиш одатий ҳолга айланганини ўрганган. У инновациялар занжири ўз-ўзидан давом этиши учун “нимадир ишлайди” деган билимнинг ўзи етарли эмас, нима учун ишлашини тушунтириб берадиган илмий асос зарур, деган хулосага келган.
Шу билан бирга, Мокир жамиятнинг янги ғояларга очиқлиги ва ўзгаришларни қабул қилишга тайёрлиги ҳам ўсишнинг муҳим шарти эканини таъкидлайди.
Агон ва Хауитнинг “бунёдкор бузғунчилик” назарияси
Франциялик Филипп Агон ва канадалик Питер Хауит 1992 йилда чоп этилган мақолаларида “бунёдкор бузғунчилик” моделини илгари сурган. Бу моделга кўра, янги ва самаралироқ маҳсулот пайдо бўлганда эски маҳсулотларни ишлаб чиқарган компаниялар бозордан чиқиб кетади. Инновация “бунёдкорлик” хусусиятга эга, чунки у тараққиёт олиб келади, лекин айни вақтда “вайронкор” ҳам, чунки у эски технологиялар интиҳосини англатади.
Бу жараён доимий ўсишни таъминлайди, бироқ у билан бирга, манфаатлар тўқнашуви ҳам юз беради. Олимларнинг фикрича, агар бу тўқнашувлар оқилона бошқарилмаса, йирик компаниялар ва манфаатдор гуруҳлар инновацияларга тўсиқ бўлиши мумкин.
“Лауреатларнинг ишлари иқтисодий ўсишнинг ўз-ўзидан юз берадиган нарса эмаслигини кўрсатади. Биз “бунёдкор бузғунчилик”ни қўллаб-қувватлайдиган механизмларни сақлаб қолишимиз керак, акс ҳолда инсоният яна турғунлик даврига қайтиши мумкин”, дейди мукофот қўмитаси раиси Жон Хасслер.









