Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тўй учун қарз олмасликка уч сабаб
Айтайлик, сиз тўй қилмоқчисиз, лекин орзунгиздаги тантанага етарли пулингиз йўқ. Хаёлингизга эса битта “сеҳрли ибора” қайта-қайта келаверади: “Ахир тўй умрда бир марта бўлади!”
Фото: Kun.uz
Биз ҳам ният қиламиз – бир марта бўлсин! Лекин бу ибора шахсий бюджет чегараларини (имконият доирасидаги сарфлар) бутунлай бузиб ташламаслиги керак, қарз олиш (кредит тўлаш)га сабаб бўлмаслиги зарур.
Кўпчилик учун тўй жуда муҳим. Шу боис унга пул аяшмайди. Аммо тўй учун кредит олишдан олдин қуйидаги уч фикрга кўз югуртириб кўринг, ҳеч бўлмаганда қизиқиш учун.
1. Тўй – ноликвид, қайтмайдиган харажат
Ликвидлик – бу товарни қанчалик осон ва тез сотилиши хусусияти. Бирор бир товарни пулга айлантириш қанчалик осон бўлса, унинг ликвидлиги шунча юқори бўлади. Ликвид товар учун қарз олиш хавфсизроқ, чунки керак бўлса, уни сотиб пулни қайтариш имконияти бор.
Масалан, сиз янги iPhone 17 смартфонини олсангиз ва эртасига пул керак бўлиб қолса, уни бемалол бироз арзонига бўлса-да сота оласиз. Бунга яна машина, тилла буюмлар ва уйни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.
Лекин тўй деярли нол ликвидликка эга. Тўй бюджетининг катта қисми – бу хизматлар ва озиқ-овқат ҳисобланади. Тўйдан кейин сиз фақат куёвлик костюмини сотсангиз бўлади холос. Демак, ликвид бўлмаган нарса учун кредит олиш – молиявий саводсизлик.
Агар сиз ҳақиқатан ҳам қиммат, аммо ликвид бўлмаган тадбирга пул сарфламоқчи бўлсангиз, буни ўз пулингизга қилинг ёки сизга шунчаки тўёна эвазига ажратилган маблағга.
2. Тўй – бу актив эмас, бойлигингизни оширмайди
Активлар – келажакда пул ёки бошқа иқтисодий фойда келтирадиган ҳужжат, мулк ёки ҳуқуқ бўлиши мумкин. Масалан, машина – узоғингизни яқин қилиб, вақтни тежайди. Квартира – дам олиш маскани бўлибгина қолмай, ижарага бериш ёки сотиш орқали даромад олса бўлади. Костюм – муҳим учрашувларда фойдали товар. Буларнинг барчаси даромад топишда ёрдамчи омиллар, демак, улар актив. Ҳатто курсга бориб, янги касб ўрганиб, сўнг ўша йўналишда ишласангиз, бу ҳам актив: олган малакангиз сизга даромад олиб келади.
Аммо тўй – актив эмас, харажат. Бу ерда “тўй” тушунчасини “оила” билан алмаштирмаслик керак. Эр-хотин бир-бирига ёрдам беради, биргаликда молиявий барқарорлик яратади, ҳаёт даражасини оширади – демак, оила ҳам актив.
3. Тўй дабдабаси ва оила тотувлиги ўртасида боғлиқлик йўқ
Тўй қанчалик дабдабали бўлишидан қатъи назар, бу никоҳнинг мустаҳкам бўлишини англатмайди. Афсуски, Ўзбекистондаги ажримлар сони бунга яққол мисол.
Тўй – бу қувонч, бир кунлик расмий маросим ва тантана. Аммо оилавий ҳаёт – бу бир умрлик турмуш.
Албатта, дабдабали тўйдан сақланишингизда сизни тушунадиган ота-она ва қўллаб-қувватлайдиган умр йўлдошга эҳтиёж сезасиз. Ортингиздан гапирувчиларнинг фикрларига қийин бўлса-да чидашингиз ва одамларга кўрсатиш, мақтаниш ёки бошқаларнинг эътиборини тортиш учун эмас, балки самимий ният билан тўйни ўз пулингизга ўтказганингиз aфзал.
Хулоса ўрнида муҳим фикрлар:
- Сиз ҳеч кимга қарздор бўлмайсиз – на банкка, на қариндош-уруғга.
- Сиз миянгизни қарз билан банд қилмайсиз ва кунлик харажатлар учун яна кимнинг олдида қарздор бўлишни ўйламайсиз.
- Натижага эришиш учун пул йиғиш одатини шакллантирасиз ва бу жараёнда сиз молияни бошқаришни, тежашни ва сармоя қилишни ўрганасиз.