Айтайлик, сиз уйингизни тартибга келтирмоқчисиз. Бу – уйни тозалаш, боғ ишлари ёки мебелларни кўчириш ишлари бўлиши мумкин. Шу каби ишларда ўзингиз ишга енг шимарасизми ёки ёлланма ишчи хизматидан фойдаланасизми?
Сиз ўзи тозалик ишларини қанчалик ёқтирасиз? Ишчилар ишлаётганда нима билан банд бўласиз? Сизнинг яқин кунлардаги молиявий режаларингиз қандай? Ўзи уйни сарамжонлашда қўшимча “қўллар” шартми?
Жуда кўп ҳолатларни ҳисобга олиб, бу саволга аниқ жавоб бериш бироз мушкул. Шунинг учун саволни соддалаштириб кўрамиз: бир соатлик иш ҳақингиз миқдорини соатбай иш бозоридаги бир соатлик “ставка” билан солиштирсак-чи? Агар сизнинг соатлик тарифингиз мардикорникидан юқори бўлса, уни ишга жалб қилиш иқтисодий жиҳатдан тўғри бўлиши мумкин. Албатта, бу жуда содда солиштирув, лекин бизнинг қуйидаги кичик таҳлилимиз учун тўғри келади.
1 соатлик меҳнат қийматингиз қанча туради?
Иқтисодиётда “вақтнинг қиймати” – инсоннинг бир бирлик вақт давомида яратадиган қиймати ёки йўқотадиган имконияти ҳисобланади. Агар сиз фрилансер сифатида мақолалар ёзсангиз, логотиплар тайёрласангиз ёки веб-сайтларни лойиҳалаштирсангиз, ҳар бир тайёр маҳсулот учун сизга маълум бир сумма тўланади. Ҳар бир иш учун ўртача вақт сарфидан келиб чиқиб, меҳнатингизнинг бир соати қанча туришини осон ҳисоблашингиз мумкин. Мураккаб бўлмаган сайт тайёрлаш учун тахминан 20 соат вақт сарфланганда ва 6 млн иш ҳақи белгиланганда:
6 000 000 : 20 = 300 000 сўм (1 соат учун)
Дейлик, сизда мижозларнинг оқими яхши ва ҳар доим қўшимча иш билан шуғулланиш имконияти мавжуд. Агар сиз кўпроқ даромад олишни истасангиз, яна иккита лойиҳани қабул қилишингиз мумкин. Энди сиз кунига одатдаги 6 соат ўрнига 8 соат ишлайсиз. Ҳар куни ишлашга қанча кўп вақт сарфласангиз, шунча кўпроқ даромадга эга бўласиз. Бошқа нарсаларга сарфлаган ҳар бир соатингиз 300 000 сўм олиш учун ўтказиб юборган имкониятингиз ҳисобланади.
Иқтисодий фанда бу атама ўзбекчада “муқобил харажатлар”, инглизчада эса “opportunity cost” дейилади.
Ўзингизми ёки тозалаш хизмати?
Айтайлик, сизнинг хонадонингизни 4 соатда, 800 000 сўм эвазига тозалаб беришни таклиф этувчи сервис хизмати бор. Хизмат нархи бир соат учун 200 000 сўмни ташкил қилади. Сизнинг бир соатлик хизмат ҳаққингиз эса 300 000 туради. Агар сизда шу вақт оралиғида нақд буюртмангиз бўлса ёки бу иш сизнинг кейинги вазифаларни бажаришда самарадорлигингизни туширса, фаррош хизматидан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан тўғри бўлади.








