Иқтисодиёт | 17:22 / 21.10.2025
10700
3 дақиқада ўқилади

АҚШда иккита йирик автомобил компанияси банкрот бўлди: бу молиявий тизим учун янги огоҳлантиришми?

2025 йил сентябр ойида АҚШнинг икки йирик автомобил соҳасидаги компанияси — First Brands Group ва Tricolor Holdings кетма-кет банкротлик эълон қилди. Мутахассислар бу ҳодисаларни “shadow banking”, яъни банк тизимидан ташқарида ишлайдиган хусусий молиялаштириш бозоридаги хавфли жараёнларнинг бошланиши сифатида баҳоламоқда.

First Brands Group автомобил эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчи глобал компания бўлиб, филтрлар, тормоз тизимлари ва ёритиш элементлари каби маҳсулотлар етказиб берарди. 29 сентябр куни у АҚШда “Chapter 11” банкротлик ҳимояси учун ариза берди. Компания мажбуриятлари 10 миллиард доллардан ошган, активлари эса атиги 1-10 миллиард доллар оралиғида баҳоланган.

Банкротликнинг асосий сабаби сифатида ортиқча қарз юки ва агрессив кенгайиш сиёсати тилга олинмоқда. First Brands сўнгги йилларда бир нечта рақобатчи компанияларни сотиб олган, бу эса кредит юкини кескин оширган. Шунингдек, компания балансдан ташқари молиялаштириш (off-balance sheet financing) ва факторинг механизмларидан ҳаддан ташқари фойдаланиб, ўзини ликвид деб кўрсатган. АҚШ Адлия вазирлиги (DOJ) компания атрофида тергов бошлаб, 2,3 миллиард долларга яқин маблағ йўқолганини, айрим активлар эса бир нечта марта гаровга қўйилганини аниқлаган.

Орадан кўп ўтмай, sub-prime (кредит рейтинги паст) сегментда фаолият юритган Tricolor Holdings ҳам “Chapter 7” бўйича тўлиқ тугатилиш жараёнини бошлади. Компания асосан АҚШда банк ҳисобрақамига эга бўлмаган, асосан испан тилида сўзлашувчи аҳолига мўлжалланган автомобил кредитлари ва ижараси билан шуғулланган. У ўз фаолиятини активларга асосланган қимматли қоғозлар (ABS) орқали молиялаштирган, бироқ юқори даражадаги рисклар ва кредит тўловларининг кечикиши туфайли дефолтга учради.

Tricolor банкротлиги натижасида айрим банклар сезиларли йўқотишларга дуч келди. Масалан, Fifth Third Bancorp 178 миллион доллар зарар ҳақида эълон қилди. JPMorgan Chase раҳбари Жейми Димон бу ҳолатни “яширин қарз секторидаги кенгроқ муаммоларнинг бошланиши” деб атади ва “агар битта муаммо кўринса, демак яна бошқалари ҳам чиқади” дея огоҳлантирди.

Экспертларнинг фикрича, икки компаниянинг қулашида умумий жиҳатлар бор: улар расмий банк тизимидан ташқарида фаолият юритган, кредит рискларини иккиламчи бозорларда яширган ва регуляторлар учун шаффоф бўлмаган тузилмалардан фойдаланган. The Washington Post ёзишича, бу жараёнлар 2007–2008 йиллардаги ипотека инқирозини эслатмоқда ва ҳозирги “хусусий кредит” сектори етарли назорат қилинмаётганидан дарак беради.

Англия банки раҳбари Эндрю Бейли бу ҳолатларни “молия тизимидаги чуқурроқ заифликларнинг белгиси” деб атади. Унинг сўзларига кўра, First Brands ва Tricolor — “кўмир конидаги канарейкалар”, яъни тизимдаги хавфларни олдиндан билдирувчи сигналлар бўлиши мумкин.

Бу банкротликлар фонд бозорлари ва облигация сегментида ишончни пасайтирди. АҚШнинг бир қатор минтақавий банклари акциялари арзонлашди, рискли қарз бозорида эса фоиз ставкалари ошди. Инвесторлар энди хусусий кредит секторини янада диққат билан кузатмоқда, чунки бу соҳадаги ҳар қандай узилиш молия тизими учун янги “домино эффекти”ни келтириб чиқариши мумкин.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид