Жамият | 21:30 / 23.10.2025
2818
2 дақиқада ўқилади

Фарғона ва Тошкентда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси фош этилди

Тезкор тадбир давомида Тошлоқ туманидаги дорихоналардан биридан тегишли ҳужжатлари бўлмаган 184 турдаги 376,5 млн сўмлик дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамен

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошлоқ тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбирлар ўтказилди.

Тадбирлар чоғида “S.M.” МЧЖ раҳбари У.Д. “Шодлик” МФЙ ҳудудидаги дорихонасида 9 қути ҳамда “N.” хусусий корхонасига тегишли дорихона сотувчиси И.М. (муқаддам судланган) 10 қути таркибида кучли таъсир қилувчи моддалари бўлган “Омнадрен 250” номли дори воситасини шифокор рецептисиз сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, тезкор тадбир давомида “S.M.” МЧЖ дорихонасидан тегишли ҳужжатлари бўлмаган 184 турдаги 376,5 млн сўмлик дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Департаментнинг Чилонзор тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса “A-S.” МЧЖ дорихонаси сотувчиси К.Ш. фуқарога таркибида кучли таъсир қилувчи моддалари бўлган 300 дона “Бензонал” номли дори воситасини шифокор рецептисиз сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид