Спорт | 22:44 / 24.10.2025
4801
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ёш спортчилари Осиё ўйинларида яна бир медални қўлга киритди

Енгил атлетиканинг 2000 метрга стипл-чез югуриш дастурида Насима Мамирова кумуш медалга сазовор бўлди.

Баҳрайнда III Осиё ёшлар ўйинлари давом этмоқда. Навбатдаги кун беллашувларида ўзбекистонлик спортчилар бокс, муай-тай, аралаш жанг санъати турлари, таэквондо WТ, енгил атлетика, волейбол, футзал, гандбол, велоспорт ва от спорти турларида баҳс олиб борди.

Велоспортчилар аралаш жамоавий вақт пойгаси дастурида қатнашди: 40 км масофа пойгасида 47:31.18 дақиқа билан тўртинчи бўлди.

Волейболчилар саралаш беллашувларидан муваффақиятли ўтди. Мўғулистон билан баҳс олиб борган йигитлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, нимчоракфинал йўлланмасига эга бўлди. Ушбу босқичда уларга Индонезия рақиблик қилади.

Енгил атлетиканинг 2000 метрга стипл-чез югуриш дастурида иштирок этган Насима Мамирова марра чизиғини иккинчи бўлиб кесиб ўтди ва кумуш медалга сазовор бўлди.

Ўзбекистон футзал жамоаси кутилмаганда Афғонистонга 2:10 ҳисобида ютқазди.

Ўзбекистон ёш спортчилари 6 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллаб турибди.

Мусобақада Хитой 9 та олтин, 11 та кумуш ва 4 та бронза билан биринчи, Таиланд 7 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза билан иккинчи ўринда боряпти.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид