Спорт | 18:16 / 31.10.2025
13710
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларида тарихий натижани қайд этди

Ўзбекистонликлар Баҳрайнда ўтказилган мусобақада 37 олтин, 16 кумуш ва 28 бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Хитойдан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Бу Ўзбекистоннинг ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари тарихидаги энг яхши натижаси бўлди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида 30 октябрь куни ёшлар ўртасидаги учинчи Осиё ўйинлари якунланди. Ўзбекистон спортчилари унда муваффақиятли иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

Осиё ўйинларида мутлақ ғолибликни Хитой спортчилари қўлга киритди. Уларнинг ҳисобида 147 та медал (63 олтин, 49 кумуш, 35 бронза) бор.

Ўзбекистон 81 та медал (37 олтин, 16 кумуш, 28 бронза) билан иккинчи бўлди. Бу ўзбекистонликларнинг ёшлар ўртасида Осиё ўйинлари тарихидаги энг яхши натижасидир.

Ўзбекистонликлар 183 нафар спортчи билан 20 та спорт турида иштирок этди.

Энг кўп медални дзюдочилар келтирди 14 та (7 олтин, 4 кумуш, 3 бронза). Оғир атлетикачилар (7 олтин, 2 кумуш, 4 бронза) ва спорт курашчилари (3 олтин, 2 кумуш, 8 бронза) ҳисобида 13 тадан медал бор. Шунингдек, боксчилар 10 та (5 олтин, 3 кумуш, 2 бронза) медал билан умумжамоа муваффақиятига салмоқли ҳисса қўшди.

Оғир атлетикачилардан Мунисбек Давлетов, Маржона Абдумуталова ва Дилнура Холдорова Осиё ўйинларида 2 тадан олтин медални қўлга киритди.

Медалчиларнинг 35 нафари аёллар бўлиб, 13 нафари олтин медал соҳиби бўлди.

Умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни Қозоғистон (24 олтин, 29 кумуш, 40 бронза), тўртинчи ўринни Эрон ёшлари (22 олтин, 18 кумуш, 36 бронза) эгаллади.

Қўшнилардан Тожикистон 18-ўринда (2 олтин, 3 кумуш, 15 бронза), Қирғизистон 21-ўринда (1 олтин, 9 кумуш, 11 бронза), Туркманистон 27-ўринда (1 олтин, 1 кумуш, 4 бронза) қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йилда Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган иккинчи Осиё ўйинларида Ўзбекистон 14-ўринни (1 олтин, 2 кумуш, 5 бронза) эгаллаган эди. 2009 йилда Сингапурда ўтказилган биринчи Осиё ўйинларида Ўзбекистон 20-ўринда (3 бронза) қайд этилди. Айтиш жоиз, ушбу мусобақаларда спорт турлари ва иштирокчилар сони анча кам бўлган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид