Жаҳон | 22:31 / 30.10.2025
16458
6 дақиқада ўқилади

Россиянинг миграция сиёсати: интеграция эмас, бегоналаштириш...

Россия – империалист давлат, шу билан бирга националист ҳам. Лекин бу икки танлов аслида бир-бирига зид эканини Путин Россияси англай олмаяпти. Чунки империя бўлишни танлаган давлатлар – масалан АҚШ – ўзини бошқа миллатлар учун жозибадор қилиб кўрсатишга интилади. Россия эса аксинча, ҳам жамият даражасида, ҳам давлат даражасида ксенофобия ва мигрантофобия билан тўйиниб бормоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

РФ президенти Владимир Путин миграция бўйича янги концепцияни тасдиқлади. Бу концепция 2025-2030 йилларга мўлжалланган. Унинг асосий мақсадлари бир нечта: ноқонуний миграция билан курашиш, этник анклавлар пайдо бўлишини олдини олиш, мигрантлар оилалари ва фарзандларининг Россияда яшашини назоратга олиш, мигрантлар устидан рақамли ва муттасил назорат яратиш, рус тили ва тарихини ўрганиш борасидаги талабларни янада қаттиқлаштириш ва ҳоказо.

Нега биз Россиядаги жараёнларни жиддий кузатишимиз, таҳлил қилиб боришимиз муҳим? Россия – биз ўзбекистонликлар, Марказий Осиё давлатлари учун – абадий омил: у бўлган, бор ва сақланиб қолаверади. Россияга боғлиқлик бизнинг танловимиз ёки иродамиз билан бўлмади. Чор империяси бизни ўзига куч билан кўшиб олганди. Ҳалига қадар жамулжам хорижий давлатларнинг минтақамизга таъсирини тарозида ўлчасак, Россия билан иқтисодий муносабатлар, унинг ахборот таъсири, транспорт-логистика боғлиқликлари, миграция ва эмиграция, тарихий-гуманитар алоқалар ва ҳоказолар ҳисобига Россиянинг таъсири мутлақ тош босади.

Гарчи кейинги йилларда минтақа давлатларининг биринчи савдо-иқтисодий ҳамкори бўлиб Хитой Халқ Республикаси майдонга чиққан ва Россия иккинчи ўринга тушиб қолган бўлса-да, қолган параметрларга кўра Россия билан алоқалар жамиятлар, инсонлар даражасида ҳам Россия ҳисобига жиддий тош босади. Россияда кечаётган сиёсий жараёнлар, қарашлар, кайфиятлар минтақамизга жиддий таъсир қилади, одамларнинг, элиталарнинг қарашларида ўз аксини топади.

Россия – демографик жиҳатдан жуда тез сўнаётган давлат. Кейинги йиллардаги йиллик аҳоли қисқариши ярим миллиондан ошади. Россиянинг меҳнат мухожирларига бўлган эҳтиёжи – жуда катта. Россия Савдо-саноат палатаси раиси Александр Шохиннинг сўзларига кўра, ҳозирнинг ўзида Россияга 3 миллиондан ортиқ ишчилар етишмайди. Россиянинг бошқа мутасаддилари эса, камида 4 миллион ишчи етишмаслиги ҳақида айтишади.

Россия Федерацияси – дунё давлатлари ичида ўзининг иқтисодий ривожланишини таъминлаш учун хориждан катта миқдордаги меҳнат мухожирларини қабул қилиб оладиган АҚШдан кейинги иккинчи йирик давлат. АҚШнинг аҳолиси 340 миллионни ташкил қилади ва шундан 48 миллиони хорижда туғилган. Демак, Американинг тахминан 14 фоиз аҳолисини мигрантлар ташкил қилади.

Россияда эса, 2010 йилларда жами 9 миллиондан ортиқ хорижлик мигрант ишлар эди. Шу мигрантлар ичида энг катта гуруҳни ўзбекистонликлар ташкил қиларди. Кўп йиллар давомида Россияда ишлаб келган ватандошларимизнинг сони ўртача 3,5–4,5 миллионни ташкил қилиб келди. Бу рақамлардаги фарқ мавсумий ишлар билан боғлиқ бўлиб, эрта баҳорда Россияга ишлашга келган ўзбекистонликлар, қишга келиб маълум қисми ватанига қайтарди. Кейинги йилларда эса Россияда ишлаётган ватандошларимиз сони кескин камайди. Бунинг сабаблари: Украина урушига тортилиш хавфи, бу давлатдаги иқтисодий тушкунлик, қолаверса – ўсиб бораётган ксенофобия, мигрантофобия.

Россия, марказлашган қаттиқ авторитар давлат сифатида, кейинги иккита ўн йиллик мобайнида муттасил душман образи, душман қиёфасини яратиш, бўрттириш ва шу душманга қарши давлат ва жамиятни бирлаштиришни асосий сиёсий технология сифатида қўлламоқда. Бугун россияликларга тақдим қилинаётган асосий душман образлари, булар – Украина, коллектив ғарб ва ишчи мигрантлар. Айнан ҳимоясиз мигрантларга келганда, Россия давлати ва жамияти ўзининг нафратини каналлаштиришга қулай образ топгандек бўлади.

Юқоридаги миграция концепциясига кўра, бундан кейин мигрантларнинг фарзандлари Россия мактабларига қабул қилинишлари учун рус тилини билиши талаб қилинади. Энг қизиғи, мигрантларнинг фарзандлари рус тилини билиш тестини топширишлари учун ҳам бир дунё ҳужжатлар талаб қилинади. Мустақил фаолларнинг айтишича, бундай тестлардан мақсад – мигрантларнинг фарзандлари мактабларга қабул қилинишининг олдини олиш, уларни ватанига қайтиб кетишга ундаш. Бутун дунёда мигрантлар ва уларнинг фарзандларини интергарция қилишга, ассимиляция қилишга ҳаракат қилинса, тил ўрганишни рағбатлантирса, Россияда – тескариси. Мактабга бориш учун қаттиқ тўсиқлар яратилмоқда.

Россия сиёсатчилари, элитаси ўзларини империя давомчилари сифатида кўришади. Лекин империяларнинг асосий хусусияти – бошқаларни бегоналаштирмайди, бошқаларга қулай шароит яратишади ва империя ичида қулай яшашларини таъминлашади. Россия эса атрофдаги халқлар, миллатлар, давлатларга нисбатан ўзини империя сифатида тутади, бир вақтда миллатчи давлат сифатида фикрлаяпти ва сиёсат олиб бораяпти. Бу зиддият Россиянинг ўзи учун, узоқ муддатли манфаатлари учун ҳам салбий оқибатлар олиб келиб бошлаган.

Ўзбекистон – демографик катта энергияга эга давлат. Бу – Ўзбекистон давлатчилигининг, жамиятининг, халқининг муҳим қудрат параметри ҳисобланади. Биз бугун нафақат Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик давлатмиз, балки пост-совет минтақасидаги Россиядан кейинги иккинчи йирик давлатмиз.

Ўзбекистон аҳолисининг ўсиши ва Россиянинг демографик қисқариши суръатлари ҳозирги темпда кетса, асримиз охирига бориб вазият буткул бошқача бўлади, яъни аҳоли сони бўйича ўртадаги фарқ ниҳоятда кичиклашади.

Ҳозир Ўзбекистон нафақат жадал равишда демографик кучаймоқда, балки мамлакатимиздаги инсон капитали ҳам ўсиб боряпти. Россияни эса, турган гапки, бундай йўлдан боряпти деб бўлмайди.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид