Жаҳон | 11:22 / 31.10.2025
2364
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Россиянинг нефт маҳсулотлари экспорти 2022 йил бошидан бери минимал даражага тушди

Россия октябр ойида нефтни қайта ишлаш заводлари Украина ҳужумлари ортидан қисман тўхтаб қолгани ва Ғарб санкциялари кучайгани сабабли нефт маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини қисқартирди, деб хабар берди 30 октябр куни Bloomberg агентлиги Vortexa таҳлил компанияси маълумотларига таяниб.

Фото: AP

Маълумотларга кўра, 1–26 октябр кунлари Россия денгиз орқали ўртача кунига 1,89 млн баррел нефт маҳсулотлари жўнатган. Бу кўрсаткич 2022 йил бошидан бери энг паст даража ҳисобланади.

Агентлик ёзишича, жами етказиб бериш ҳажми, асосан, нафта ва мазут бўйича кучсиз динамика туфайли камайган — мос равишда 3 фоиз ва 10 фоизга пасайган. Шу билан бирга, дизел ёнилғиси ва газойл етказиб бериш ҳажми 2 фоизга озгина ошган.

Bloomberg таъкидлашича, ҳозирча дизел экспорти нисбатан барқарор турибди, чунки юкларнинг катта қисми қўшни бозорларга — жумладан, Туркия ва Африка давлатларига — йўналтирилган. Россия 21 ноябрда «Роснефть» ва «Лукойл»га нисбатан санкциялар кучга киргунча етказиб беришни амалга оширишга улгура олади.

Шу билан бирга, нафта ва мазут етказиб бериш кўпроқ хавф остида, чунки бу маҳсулотлар асосан Осиё мамлакатларига жўнатилади ва санкциялар кучга киргунча манзилга етказиб беришга улгурмаслик хавфи бор.

АҚШ 22 октябр куни «Роснефть», «Лукойл» ва уларнинг шуъба корхоналарига нисбатан санкциялар жорий этганини маълум қилганди. Шундан сўнг Россия нефтини сотиб олаётган йирик Хитой ва Ҳиндистон компаниялари (иккиси ҳам РФ нефтининг асосий харидорлари) буни тўхтатишини билдирган.

Санкциялар фонида «Лукойл» хориждаги активларини Gunvor компаниясига сотишини эълон қилди.

Ёз охири ва куз бошида Украина зарбалари туфайли Россияда қатор НҚЗ (нефтни қайта ишлаш заводлари) ишида узилишлар кузатилган, бу эса мамлакатда ёнилғи танқислигига олиб келган эди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид