Жамият | 17:06
7576
3 дақиқада ўқилади

Сангардакда йўқолган 2 ёшли бола: отаси фарзандини ўғирлаб кетишганидан шубҳа қилмоқда

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Сангардак дам олиш масканида йўқолган икки ёшли бола 10 кундан бери топилмаяпти. Унинг отаси Kun.uz билан боғланиб, фарзанди ўғирлаб кетилган бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Туман ИИБ эса “кечиктириб бўлмас тезкор қидирув тадбирлари” давом эттирилаётганини билдирди.

Йўқолган боланинг отаси Сардор Искандаровнинг Kun.uz'га айтишича, унинг оиласи 26 апрел куни Термиз шаҳридан ҳордиқ чиқариш учун Сангардак дам олиш масканига борган. Боланинг онаси фарзандига керакли буюмни олиш учун бир неча дақиқага машинага кетган вақтда икки ёшли Зубайр дам олиш жойи яқинидаги қум уюми устида ўйнаб ўтирган бўлган. Бироқ она қайтиб келганида бола ғойиб бўлган.

Отанинг таъкидлашича, дастлабки дақиқалардаги стресс ва ваҳима оқибатида она фарзанди яқин атрофдаги анҳорга тушиб кетган бўлиши мумкинлигини айтган ва шу сабабли асосий қидирув ишлари ғаввослар ёрдамида сувдан излашга қаратилган.

Бироқ Сардор Искандаров ушбу тахминдан шубҳаланмоқда. Унинг таъкидлашича, ўтган ўн кун давомида дарёдан ҳеч қандай из топилмаган. Дарёга қаратилган кузатув камералари ҳам синчиклаб кўриб чиқилган.

Бундан ташқари, қидирув давомида боланинг сўрғичи дарё қирғоғидан эмас, балки воқеа жойидан нарироқдаги дарахт тагидан топилган. Ота қидирувга жалб қилинган хизмат итлари маълум бир йўналиш бўйлаб ҳид олгани, бироқ ўша вақтда бу йўналиш етарлича текширилмагани айтмоқда.

Искандаровнинг иддао қилишича, ҳудуддаги сотувчи аёллардан бири ўша куни шубҳали шахс икки ёшли болага мос келадиган гигиеник тагликлар сотиб олганини айтган. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда бола йўқолганини айтиб қўйилган хабарлар остида янги очилган профиллардан «бола тирик, менда» мазмунидаги изоҳлар ёзилган. Сардор Искандаров ўн кундан буён ИИБ ходимлари асосий эътиборни фақат сувга қаратаётганидан хавотирда эканини билдириб, фарзандини топишда ва қидирув йўналишини ўзгартиришда амалий ёрдам сўрамоқда.

Kun.uz Зубайр Салимовнинг йўқолгани юзасидан Сариосиё туман ИИБ билан боғланди.

“З.Салимов сув қирғоғига яқин жойда қаровсиз қолгани ва унинг дарёга тушиб кетиш хавфи юқори бўлгани сабабли, ИИБ ва ФВБ ходимлари томонидан дарёнинг қуйи оқими бўйлаб кенг қамровли қидирув ҳамда аҳоли ўртасида суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, 2026 йил 1 май куни болани топиш бўйича расмий қидирув йиғма жилди очилган. Ҳозирда вояга етмаган боланинг жиноят қурбони бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар ҳам истисно қилинмаган ҳолда, кечиктириб бўлмайдиган тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда”, — дейилади идора изоҳида.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Хоразм вилоятидан Зомин туманидаги тоғли қишлоққа саёҳатга келган оиланинг икки ёшли фарзанди ҳам сирли равишда ғойиб бўлиб, бир неча кундан сўнг унинг жасади топилган эди. Кейинчалик уни «Зомин» санаторийсида фелдшер бўлиб ишлаган эркак машинасида уриб юборгани ва изни йўқотиш мақсадида жасадни яширгани аниқланганди

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид