Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда Gentra ҳайдовчиси ЙПХ ходимини капотида судраб кетди. Унинг ҳисобида 144 та қоидабузарлик борлиги аниқланган
Тошкентда ЙПХ ходимини автомашинасининг капоти устида олиб юрган ҳайдовчи қўлга олинди. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Ушбу ҳайдовчи машинасида 144 та қоидабузарлик қайд этгани, жарималардан жами қарзи қарийб 19 млн сўмни ташкил этиши аниқланган.
Фото: Видеодан кадр
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида ҳайдовчи ЙПХ ходимини автомашина капоти устида судраб кетгани акс этган яна бир видео тарқалди.
Ҳодиса 2 ноябр куни Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчасида содир бўлган. Kun.uz’га маълум бўлишича, Gentra ҳайдовчиси аввалига ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмай, ҳаракатни давом эттирган. Сўнгра ходим Gentra’нинг ортидан борган ва уни тўхтатиб, ҳайдовчидан ҳужжатларини сўраган. Шу вақтда ҳайдовчи ЙПХ ходимини капот устида бир неча ўн метрга судраб кетган.
Қоидабузар бошқа ҳайдовчилар ёрдамида тўхтатилган.
Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев ҳодиса юзасидан маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолатда инспектор Отабек Маҳмудов жароҳатланмаган, аммо ўша вазиятда унинг ҳаёти хавф остида қолганди.
Суриштирувлар давомида аниқланишича, 24 ёшли ҳайдовчи ушбу автомашинасида жами 144 та қоидабузарлик содир этган бўлиб, шундан 38 тасининг муддати ўтган, 30 таси МИБ органларига ўтказилган. Унинг ҳозирда жарималардан умумий қарзи 18 млн 90 минг сўмни ташкил қилади.
Ҳайдовчи шу куннинг ўзидаёқ қўлга олиниб, унга нисбатан Яшнобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Қонунбузарга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 бараваригача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
ЙҲХБ матбуот хизматига берган интервюсида қўлга олинган шахс «вазият бу қадар чуқурлашиб кетади деб ўйламагани», қилган ишидан афсусда экани ва бошқа ҳайдовчиларга бундай қилишни маслаҳат бермаслигини айтган. У кўзига ёш олиб, бошқа бундай қилмасликка ваъда берган.
Мавзуга оид
17:44 / 22.11.2025
Наманганда ЙПХ ходими машина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди
09:24 / 31.10.2025
Олмазорда ЙПХ талабига бўйсунмаган Leapmotor тўхтатилди: машина қидирувда экани аниқланди
10:30 / 01.10.2025
Мактабга Cobalt бошқариб борган ўқувчилар ЙПХ ходими томонидан тўхтатиб қолинди
18:08 / 15.09.2025