Ўзбекистон | 13:59
2204
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда маст ҳолда юрган ЙПХ ходими ишдан олинди

Kun.uz’га мурожаат қилган фуқаролар ходимни маст ҳолда автомобил бошқариб кетаётганда ушлаб, мастлик ҳолатини аниқлаш учун шифохонага олиб боришганини айтмоқда. Инспектор алкотестер ёрдамида текширилганда унинг мастлиги маълум бўлган.

Жиззахда ЙПХ ходими хизмат формасида маст ҳолда юргани аниқланди. Kun.uz’га ҳолатга алоқадор видеолавҳалар келиб тушди.

Маълум бўлишича, ҳолат март ойида Фориш туманида содир бўлган. Бир нечта фуқаро ЙПХ ходимини ушлаб, унинг мастлигини аниқлаш учун шифохонага олиб борган.

Видеолавҳаларнинг бирида ЙПХ ходими шифохонанинг орқа эшигидан чиқиб, қочиб кетгани кўринади. Бироқ уни қайта ушлаб келишган.

Шифохонада шифокор “ўзининг сўзидан спиртли ичимлик истеъмол қилган”и ҳақида маълумотнома ёзиб берган.

Кейинчалик, ходим ИИБ бўлимига олиб борилиб, алкотестерда мастлик даражаси аниқланган.

Kun.uz’га мурожаат қилган фуқароларга кўра, ЙПХ ходими маст ҳолда машина бошқариб, ЙТҲ содир қилган. Яъни машинасини орқага ҳаракатлантираётганда иккинчи бир автомобилнинг олд қисмига урилган.

Kun.uz ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида, ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев билан боғланди. Унинг маълум қилишича, ходим ишдан бўшатилган.

“Ҳолат 28 март куни бўлган. Ходим ишдан кейин спиртли ичимлик истеъмол қилган. Сўнг машинасига ўтириб, кетган. Фуқаролар унинг орқасидан қувиб, ходимнинг машинасига урилган. Ходим машинасидан тушиб, маҳалла оралаб қочган. Булар эса уни ушлаб келган.

Ходим рулда эмасдим, демоқда. Унинг рулда бўлганини исботловчи бирор видео йўқ. Хизмат текшируви хулосаси билан ушбу ходим 19 апрелда ишдан бўшатилган”, деди Зойир Йўлдошев.

Kun.uz манбасига кўра, ҳозирда фуқароларнинг ходимга нисбатан ҳаракатларини прокуратура ўрганмоқда.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид