Трамп ва Нетаняҳунинг сўнгги телефон мулоқотида юзага чиққан кескинлик Эрон масаласида ёндашувлар бир хил эмаслигини кўрсатмоқда. Мутахассислар фикрича, бу тафовутлар асосан тактик даражада бўлиб, ҳар икки томоннинг Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” борасидаги туб позициясида бўлиниш йўқ.
Мавзу юзасидан Kun.uz студиясида сиёсий таҳлилчилар Шавкат Икромов, Аброр Фатхуллаев ва Жаҳонгир Акрамов сўз юритди.
— Трамп ва Нетаняҳунинг телефон мулоқотидан сўнг Эрон бўйича позицияларда тафовут юзага келдими?
Шавкат Икромов: Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу сўнгги 30 йил давомида АҚШнинг бир неча президенти билан кескин мунозараларга киришган ва айрим ҳолларда танқидий, ҳатто ҳақоратомуз дашномларни ҳам эшитган. Шу боис Доналд Трампнинг кескин баёнотлари у учун янгилик эмас.
Яқинда Ахios нашрида Трампнинг Нетаняҳу ҳақидаги фикрлари батафсил, ҳатто сўзма-сўз келтирилди (кейинроқ Трамп бу хабарни шахсан ўзи тасдиқлади – таҳр.). Унда Трамп Нетаняҳуни Исроил обрўсига путур етказишда айблаб, агар у бўлмаганида Нетаняҳу аллақачон қамоқда бўлиши мумкинлигини айтгани таъкидланади.
Шунга қарамай, бундай кескин баёнотлардан ортиқча хулоса чиқариш тўғри эмас. АҚШ ва Исроил ўртасида совуқлашув юз берди, деган фикрлар асоссиз. Амалиёт шуни кўрсатадики, икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик сақланиб қолмоқда. Ҳатто яқин кунларда улар Эрон билан боғлиқ ҳаракатларда биргаликда қатнашгани бунга мисол бўла олади.
Аслида ҳозирги вазиятда Трамп ва Нетаняҳунинг мақсадлари маълум даражада фарқланади. Доналд Трамп ички сиёсий омиллар – сайловлар, АҚШнинг 250 йиллиги каби муҳим саналар олдидан ўзини ғолиб сифатида кўрсатишга интилмоқда. Шу билан бирга, урушнинг иқтисодий оқибатлари – ёқилғи нархларининг ошиши каби омиллар ҳам унинг қарорларига таъсир қилмоқда.
Нетаняҳу учун ҳам вазият мураккаб. У ҳам сиёсий жиҳатдан муҳим даврга кириб бормоқда ва ижобий натижалар билан чиқишни истайди. Шу боис, ҳар икки лидернинг устувор йўналишлари ҳозир тўлиқ мос келмайди. Эрон масаласида ҳам уларнинг ёндашуви турлича. Нетаняҳу узоқ йиллардан бери АҚШ президентларини Эрон ядровий дастурини тўлиқ тўхтатишга кўндиришга ҳаракат қилиб келади. Бу борадаги энг муҳим натижа 2015 йилда Барак Обама даврида имзоланган ядровий келишув бўлди. Ушбу келишув доирасида Эрон муайян чекловларга рози бўлган эди.








